“Мустақиллик тўйи” фестивали старт олмоқда!
Инсон туғилибдики, ўз ҳуқуқи, эрки билан бирга дунёга келади. Истиқлол, ҳуррият, Ватан ғуруримиз, оримиз, шону шавкатимиз билан уйғун тушунчалар.
Пойтахтимиздаги “Ренессанс” кино уйида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказиладиган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остидаги “Мустақиллик тўйи” фестивалини юксак савияда ташкил этиш билан боғлиқ масалаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов бу нафақат тарихий сана, балки халқимизнинг азму шижоати, матонати ва эзгу орзу-интилишларининг юксак ифодаси эканини эътироф этди.
–Бу йил Мустақиллик байрамига тайёргарлик 5-6 ой аввалдан бошланди, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов. – Бугун дунёда кечаётган мураккаб бир даврда мустақиллик ғоясини сақлаб қолиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Маълумки, тўйлар халқимизнинг энг улуғвор қадрияти саналади. Шу сабаб Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига катта тўйдек тайёргарлик кўриш, истиқлолимизнинг мазмун-моҳиятини содда, самимий тарзда тушунтириш жуда муҳим.
Миллий суверенитет ва истиқлол ғоялари бугунги кунда янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворига айланиб, юртимизнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий юксалишида ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 2 апрелдаги қарорига мувофиқ, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида жорий йилнинг май–сентябрь ойлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Мустақиллик тўйи” фестивали ўтказилади.
Ҳозирда мазкур маданий-маърифий лойиҳани барча локацияларда кенг кўламда ва юксак савияда ташкил қилиш ва ўтказишга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Республика ташкилий қўмитаси йиғилишида атрофлича маълумот берилди.

Маълум қилинганидек, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивлари, туман ва шаҳар марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, театрлар, таълим муассасалари, маҳаллалар ва бошқа жамоат масканларида ўтказилувчи “Мустақиллик тўйи” фестивали жамиятда бирдамликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва мустақиллик неъматининг қадрини, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига тушунтириш, қолаверса, миллий қадриятлар ва бой маънавий меросимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Фестиваль доирасида республика бўйлаб 10 дан ортиқ ижтимоий-маданий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Хусусан, “Мустақиллик маршлари” орқали оммавий юришлар ташкил этилиб, ватанпарварлик руҳи кучайтирилади. “Бир миллат – бир юрак” флешмоби миллий қадриятларни тарғиб этади. “Ватандошлар билан мулоқот” хориждаги юртдошлар билан алоқаларни мустаҳкамлайди. “Давлат рамзлари – фахримиз” акцияси миллий рамзларга ҳурматни оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, “Маҳаллада байрам”, “Шукроналик учрашувлари” ва “Яхшилик карвони” каби ташаббуслар аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни кучайтириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлайди.
“Халқ сайиллари ва Янги нафас” дастурлари оммавий маданий тадбирларни қамраб олса, “Сўз”, “Китоб карвони” каби лойиҳалар маънавий муҳитни яхшилашга хизмат қилади. “Мустақиллик соатлари” орқали ёшларда ватанпарварлик туйғулари шакллантирилади, “Қалқон” ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари эса мамлакат мудофаа салоҳиятини намоён этиб, ёш авлодда ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик хиссини кучайтиришга хизмат қилади.
“Мустақиллик тўйи” фестивали бу нафақат байрам, балки миллий бирдамлик, фуқаролик ҳамжиҳатлиги ва Ватанга садоқатни мустаҳкамловчи муҳим маънавий-маърифий ҳаракатдир.
Тадбирда мазкур ижодий лойиҳани мустақиллигимизнинг мазмун-моҳиятига ҳамоҳанг тарзда ўтказиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Усмонова,
ЎзА