Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Грециядаги ватандошлар учун байрам ташкил этилади
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Греция Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида О.Назарбеков Грецияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошлар билан учрашув ўтказди. Хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган учрашувда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида туғилиб вояга етган, турли йилларда Грецияга кўчиб борган 30 нафарга яқин ватандош иштирок этди.
Суҳбат давомида ватандошлар Ўзбекистон ҳақидаги илиқ хотиралари, бугунги юрт тараққиёти ва келажакдаги режалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ҳамда маданият ва санъат соҳасидаги янгиланишлар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот чоғида вазир ватандошларнинг ҳаёти, фаолияти, муаммо ва таклифлари билан танишди. Грецияда телевидение ва радио соҳасида, давлат идораларида, олий таълим муассасалари ҳамда мактабларда самарали меҳнат қилаётган юртдошлар фаолияти алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, уларнинг маданий эҳтиёжлари, ўзбек тили ва миллий қадриятларни фарзандларига етказиш борасидаги фикр ва таклифлари муҳокама қилинди.
Учрашувда жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Грециядаги ватандошлар учун байрам тадбирлари ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистондан ижодий жамоа юборилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Г.Бобоева, ЎзА