Мустақилликнинг 35 йиллигига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
«Туркистон» санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишга маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов раислик қилди. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган асосий тантанали тадбирларни мазмунли ва юксак бадиий савияда ташкил этиш, саҳна ечимларида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, байрам дастурларининг ғоявий-бадиий концепциясини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, республика ҳудудларида фаолият юритаётган рақс жамоалари ва фольклор-этнографик ансамблларни байрам тадбирларига кенг жалб этиш, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарнинг бетакрор жозибасини саҳна орқали юксак бадиий маҳорат билан акс эттириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, халқимиз бирдамлиги, ватанпарварлик ва бунёдкорлик ғояларини тараннум этувчи янги қўшиқлар яратиш, уларни профессионал ижодкорлар иштирокида саҳналаштириш ҳамда байрам тадбирларини юқори савияда ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар мамлакатимиз тараққиёти, миллий маданиятимиз ва маънавий қадриятларимизнинг юксак салоҳиятини кенг намоён этиши лозим.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири