Муслим Эргашбоев: Барқарор туризм – бугунги даромад ва эртанги имконият ўртасидаги мувозанат
Бугун туризм жаҳон иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланмоқда. Сайёҳлар оқимининг ортиши, янги меҳмонхоналар, туристик йўналиш ва хизматларнинг пайдо бўлиши соҳа тараққиётининг муҳим кўрсаткичлари ҳисобланади. Бироқ замонавий ёндашув туризм самарадорлигини фақат ташриф буюрувчилар сони ёки тушум ҳажми билан эмас, балки унинг маҳаллий иқтисодиёт, аҳоли фаровонлиги, табиий ресурслар ва маданий меросга таъсири билан ҳам баҳолашни тақозо этмоқда.
Айниқса, тарихий шаҳарлар ва туристик қишлоқларда сайёҳлар оқимини оқилона бошқариш, туризмдан тушадиган даромаднинг маҳаллий аҳоли манфаатларига хизмат қилишини таъминлаш, янги иш ўринларининг барқарорлигини ошириш ҳамда бугунги иқтисодий манфаат билан келажак имкониятлари ўртасида мувозанатни сақлаш долзарб ҳисобланади.
Хўш, туризмда ҳақиқий самарадорлик қандай мезонлар билан ўлчаниши керак? Сайёҳлар сонининг ортиши ҳар доим ҳам ҳудуд учун кўпроқ иқтисодий фойда англатадими? Туризмни ривожлантиришда маҳаллий аҳоли манфаати, экологик барқарорлик ва тарихий муҳитни асраш ўртасидаги мувозанатни қандай таъминлаш мумкин?
ЎзА мухбири шу ва бошқа масалалар хусусида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Муслим Эргашбоев билан суҳбатлашди.

– Маълумки, туризм соҳасида ўсиш ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда сайёҳлар сони тилга олинади. Сизнингча, бу соҳадаги ҳақиқий натижани кўрсатадими?
– Сайёҳлар сони албатта муҳим кўрсаткич. У мамлакат ёки муайян ҳудудга бўлган қизиқиш ва туристик оқим миқёсини белгилайди. Лекин барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан бу ҳали натижанинг ўзи эмас.
Асосий савол сайёҳлар келганида эмас, улар кетганидан кейин берилиши керак: яъни, Ҳудудда нима ўзгаришлар бўлди? Маҳаллий аҳоли даромади ошдими? Янги иш ўринлари яратилдими? Кичик бизнес ва ҳунармандлар янги бозорга чиқдими?
Шу маънода туризмни фақат ташрифлар сони билан эмас, унинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик натижаси билан ҳам баҳолаш муҳим, деб ўйлайман.
– Демак, кўп сайёҳлар келиши ҳар доим ҳам кўпроқ иқтисодий самара дегани эмас, шундайми?
– Ҳар доим ҳам эмас. Масалан, бир турист мамлакатда бир неча соат бўлиб кетиши ҳам мумкин. Бошқаси эса бир неча кун қолиб, оилавий меҳмонхонада яшайди, маҳаллий гиддан фойдаланади, ҳунармандлар маҳсулотини харид қилади ва маҳаллий ошхонада овқатланади. Статистикада ҳар иккиси ҳам биттадан ташриф сифатида қайд этилади. Аммо уларнинг ҳудуд иқтисодиётига таъсири бир хил эмас.
Шунинг учун туристик оқим ҳажми билан бирга сайёҳнинг ўртача қолиш муддати, маҳаллий хизматларга сарфлаган маблағи ва туризмда маҳаллий аҳолининг бандлиги каби кўрсаткичларни ҳам ҳисобга олиш керак.

– Турист сарфлаган маблағнинг қанча қисми ҳудуд иқтисодиётида қолади?
– Бу жуда муҳим масала. Туристнинг харажати билан маҳаллий иқтисодиётда қоладиган даромад бир хил тушунча эмас.
Масалан, шартли 100 доллардан қанчаси маҳаллий меҳмонхона, ошхона, гид, ҳайдовчи, фермер ёки ҳунармандга етиб боряпти? Агар меҳмонхона зарур маҳсулотларнинг асосий қисмини ташқаридан олса ёки хизматларнинг катта қисми ташқи компаниялар орқали кўрсатилса, туристик тушум юқори бўлиши мумкин, аммо унинг маҳаллий иқтисодиётда қоладиган улуши нисбатан камаяди.
Шу боис, туризмда инвестиция ҳажми билан бирга унинг атрофида маҳаллий иқтисодий алоқалар қанчалик шаклланганига ҳам қараш керак.
– Йирик инвестициялар бу жараёнда қандай ўрин тутади?
– Йирик инвестициялар меҳмонхоналар, транспорт ва бошқа инфратузилмани ривожлантириш учун зарур. Масала йирик бизнесни кичик бизнесга қарши қўйишда эмас.
Муҳими, йирик лойиҳа маҳаллий иқтисодиёт билан қанчалик боғлангани. Масалан, меҳмонхона маҳаллий фермерлардан маҳсулот сотиб олса, ҳунармандлар билан ишласа, маҳаллий гид ва транспорт хизматларидан фойдаланса, унинг иқтисодий таъсири меҳмонхона билан чекланиб қолмайди. Даромад кўпроқ оила ва тадбиркорлар ўртасида тақсимланади.

– Барқарор туризмда бугунги иқтисодий фойда билан истиқболдаги имкониятлар ўртасида мувозанат муҳимми?
– Албатта. Барқарор туризмни мен айнан бугунги даромад ва эртанги имконият ўртасидаги мувозанат деб тушунаман. Туризм ҳозир иқтисодий фойда келтириши керак, лекин бу фойда келажакда туризмни ривожлантириш имкониятларини чеклаб қўймаслиги лозим.
Масалан, табиий ҳудудда туристлар сони кўпайиб, даромад ортгани яхши. Аммо бу жараён сув ресурсларига ортиқча босим берса, табиий ландшафт бузилса ёки чиқиндилар муаммоси ҳал қилинмаса, қисқа муддатдаги иқтисодий фойда узоқ муддатда туризмнинг ўзига зарар келтириши мумкин.
Шунинг учун ҳар бир туристик лойиҳада фақат “қанча даромад келади?” деган савол эмас, “бу ҳудуднинг келажак имкониятларига қандай таъсир қилади?” деган савол ҳам қўйилиши керак.
– Айтингчи, туризм йўналишида яратилган иш ўринларини ҳам сифат жиҳатидан баҳолаш керакми?
– Иш ўрнининг ўзи муҳим, аммо унинг барқарорлиги ва сифати ҳам аҳамиятли. Туризмда мавсумийлик юқори бўлгани учун айрим ҳудудларда одамлар йилнинг бир неча ойида ишлаб, қолган даврда барқарор даромадсиз қолиши мумкин.
Шунинг учун фақат нечта иш ўрни яратилганини эмас, бу иш қанчалик барқарор эканини, ходимнинг малака ошириш ва касбий ўсиш имконияти бор-йўқлигини ҳам кўриш керак.

– Тарихий шаҳарларда туристик оқим масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Тарихий шаҳарлар учун туристлар оқимининг ортиши бир вақтнинг ўзида ҳам имконият, ҳам бошқарув масаласидир. Туристлар кўпайиши янги бизнес ва иш ўринларини яратади. Аммо юклама ҳаддан ташқари ортса, транспорт тирбандлиги, коммунал тизимларга босим, тарихий объектларнинг емирилиши ва айрим ҳудудларда нархлар ошиши каби муаммолар юзага келиши мумкин.
Шунинг учун масала туристлар сонини шунчаки чеклаш ёки имкон қадар кўпайтиришда эмас. Асосий вазифа – оқимни ҳудуднинг имкониятига мос равишда вақт ва жой бўйича тўғри тақсимлаш.
Бунинг учун муқобил маршрутларни ривожлантириш, айрим объектларга ташриф вақтини олдиндан белгилаш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш ва сайёҳларни марказдан бошқа қизиқарли нуқталарга йўналтириш мумкин.
– Рақамли технологиялар бунда қандай роль ўйнайди?
– Энг катта вазифа – қарорларни аниқ маълумотларда асослашда. Масалан, туристик оқим ҳақидаги маълумотлар орқали сайёҳлар қаерда ва қайси вақтда кўпроқ тўпланаётганини аниқлаш мумкин.
Агар муайян тарихий кўчада маълум соатларда юклама кескин ошса, маршрутларни бошқа вақт ёки яқин ҳудудларга йўналтириш мумкин. Демак, рақамлаштиришнинг мақсади шунчаки янги илова яратиш эмас, балки бошқарув қарорларининг сифатини ошириш бўлиши керак.

– Тарихий қадамжоларни асраб-авайлашда биноларни таъмирлашнинг ўзи етарли деб ўйлайсизми?
– Етарли эмас. Аслида, тарихий шаҳарнинг қиймати фақат меъморий ёдгорликлар билан ўлчанмайди. Унинг жозибасини маҳалла аҳолиси, ҳовлилар, устахоналар, бозорлар, миллий таомлар, ҳунармандчилик ва кундалик ҳаёт ҳам яратади.
Агар тарихий марказда турар жойлар аста-секин меҳмонхона ёки қисқа муддатли ижара объектларига айланса, анъанавий дўконлар ўрнини фақат туристларга мўлжалланган савдо нуқталари эгалласа, ташқи қиёфа сақлангани билан ҳудуднинг ижтимоий мазмуни ўзгариши мумкин. Шунинг учун биз бинолар билан бирга улар орасидаги ҳаётни ҳам асрашимиз керак.
– Бу ерда маҳаллий аҳолининг фикри ҳам инобатга олиниши керакми?
– Албатта. Менимча, бу туризмда кўпроқ эътибор қаратиш керак бўлган мезонлардан бири. Одатда туристнинг қониқиш даражаси ўлчанади: меҳмонхона ёқдими, хизмат сифати қандай, яна келишни хоҳлайдими? Лекин туристик ҳудудда доимий яшайдиган аҳолининг ҳаёт сифати ҳам баҳоланиши керак.
Туризм натижасида маҳаллада инфратузилма яхшиландими, транспорт қулайлашдими, янги даромад манбалари пайдо бўлдими? Ёки аксинча, тирбандлик, шовқин, нархлар ва коммунал тизимларга тушаётган юклама ортдими?
Туристик ҳудуд аввало, у ерда яшайдиган одамларнинг яшаш муҳити. Сайёҳ учун эса у дестинация. Шу икки манфаат ўртасида мувозанат бўлиши керак.

– Туризм қишлоқларини ривожлантиришда асосий мезон нима бўлиши керак, сизнингча?
– Қишлоққа туристик мақом беришнинг ўзи натижа эмас. Муҳими, шу мақомдан кейин аҳоли ҳаётида қандай ўзгариш бўлади.
Нечта оила туризмдан даромад оляпти? Маҳаллий маҳсулотларга талаб ошдими? Ҳунармандлар учун янги бозор пайдо бўлдими? Ёшлар учун барқарор иш ёки тадбиркорлик имконияти яратилдими? Сайёҳ қишлоқда қанча вақт қоляпти?
Яна бир муҳим жиҳат - маҳаллий аҳоли тайёр туристик лойиҳани қабул қилувчи томон бўлиб қолмаслиги керак. Улар ҳудуднинг қандай ривожланиши ҳақидаги қарорларда ҳам иштирок этиши лозим. Ҳақиқий иштирок одамларни йиғилишга чақириш билан эмас, уларнинг фикри қарорларга таъсир қила олиши билан белгиланади.
– Одатда сайёҳнинг ўзига ҳам масъулият юкланадими?
– Албатта. Барқарор туризмни фақат давлат, бизнес ёки маҳаллий аҳоли таъминлай олмайди. Туристнинг ўзи ҳам ҳудудга таъсир кўрсатади.
Сувдан қандай фойдаланиши, чиқиндига муносабати, маҳаллий урф-одатларга ҳурмати, тарихий объектларда белгиланган тартибга риоя қилиши ҳам муҳим. Шунинг учун туристни фақат хизмат истеъмолчиси эмас, ҳудуд билан вақтинча муносабатга киришадиган масъулиятли иштирокчи сифатида кўриш керак.

– Диёримиздаги туризм самарадорлигини қандай баҳолаган бўлардингиз?
– Мен буни учта савол билан ифодалаган бўлардим: ҳудудда қандай иқтисодий қиймат қолди? Маҳаллий аҳоли ҳаётида қандай ўзгариш бўлди? Бугунги туристик ўсиш табиий ва маданий ресурсларга қандай таъсир қилди?
Агар шу саволлар туристик қарорларнинг марказига қўйилса, биз сайёҳлар сонини кўпайтиришдан туризмнинг сифатини бошқаришга ўтамиз.
Барқарор туризмнинг моҳияти ҳам шунда: ҳар бир ташриф статистикада яна бир рақам бўлиб қолмасдан, ҳудуд иқтисодиёти, маҳаллий аҳоли ва келажак учун қиймат яратиши лозим.
Ўткир Алимов,
ЎзА