Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида туристик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди
Хива шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг тўртинчи бизнес-форуми доирасида ўтказилган “Туристик мулоқот: салоҳиятдан аниқ қўшма лойиҳалар сари” мавзусидаги йиғилишида туристик алмашинув ҳажмини оширишга эътибор қаратилди.
Янги туристик маҳсулотлар ва қўшма туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини бирлаштирган қўшма маҳсулотларни яратиш ва уларни учинчи давлатлар бозорларига биргаликда тарғиб қилиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, экологик, этник, гастрономик, таълим ва зиёрат туризми йўналишларидаги салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу имкониятлар асосида янги туристик маҳсулотлар ва инвестиция лойиҳаларини шакллантириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Ўз навбатида, Беларусь Республикасининг экотуризмни ривожлантириш, туристик қишлоқларни ташкил этиш, таълим туризмини кенгайтириш ҳамда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги тажрибаси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Туристик бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, туроператорлар, меҳмонхоналар ва бошқа туризм субъектлари ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди. Бунда асосий эътибор аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этишга қаратилди.
Икки мамлакатнинг туризм соҳасига масъул давлат ташкилотлари, туроператорлар, меҳмонхона бизнеси, таълим муассасалари ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирок этган йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор келишув ва меморандумлар имзоланди.

Хусусан, туристик хизматлар кўрсатиш ва туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ушбу келишувлар икки мамлакат ўртасида туристик оқимни кўпайтириш, янги ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш ва истиқболли қўшма туристик лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Н. Абдураимова,
Б. Саидов (сурат), ЎзА