Мусиқа ва санъат мактабларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш ҳолати қандай? – Вазир жавоб берди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар Маданият вазири О.Назарбековнинг “Болалар мусиқа, санъат ва ихтисослаштирилган мактабларидаги таълим сифатини ошириш, уларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланиш ҳолати тўғрисида”ги парламент сўровига жавобини кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда маданият ва санъат таълими соҳасида 8 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат, 22 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, малака ошириш маркази ҳамда илмий-тадқиқот институти фаолият олиб бормоқда. Аммо соҳада таълим сифатини янада ошириш учун моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мусиқа чолғулари ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш, тор ихтисосликлар бўйича педагог кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш каби масалалар долзарблигича қолмоқда.

Парламент сўровига жавобда ҳудудларда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилган. Жумладан, Бухоро, Қарши ва Урганч шаҳарларида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари фаолияти йўлга қўйилган. Урганчдаги муассаса биноси реконструкция қилиниб, зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда. Намангандаги мактаб-интернат биносини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
2027–2029 йилларда Қаршидаги мактаб-интернат ўқув биноси қурилишига 5 миллиард сўм, Бухородаги ихтисослаштирилган санъат мактаби ва ётоқхонаси қурилишига 7 миллиард сўм, Намангандаги муассасани капитал таъмирлаш бўйича лойиҳа-қидирув ишларига 500 миллион сўм йўналтириш белгиланган.
Халқ вакиллари таълим муассасаларининг мусиқа чолғулари билан таъминланганлик ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Вазирлик маълумотига кўра, 2025/2026 ўқув йили якуни бўйича ўтказилган хатловда болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги 1 минг 229 та миллий ва 1 минг 483 та Европа мусиқа чолғуси маънан эскирган ёки фойдаланишга яроқсиз экани аниқланган. Айни пайтда муассасаларда жами 9 минг 779 та мусиқа чолғусига эҳтиёж мавжуд бўлиб, уларни харид қилиш учун 115,9 миллиард сўм талаб этилади.
Эҳтиёжни босқичма-босқич қоплаш мақсадида 2023-2025 йилларда 5,7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 4 минг 789 та миллий мусиқа чолғуси харид қилинган. 2026 йилда эса 27 та мактабга 71 та фортепиано етказиб берилган. Бундан ташқари, 6,4 миллиард сўм эвазига 19 номдаги 158 минг нусха ўқув адабиётлари ва нота тўпламлари тарқатилган. Келгусида мактабларни ўқувчилар контингенти ва ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда манзилли жиҳозлаш режалаштирилган.
Санъат таълими сифатини таъминлашда педагоглар ва концертмейстерларнинг касбий маҳорати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу мақсадда олис ҳудудларга малакали мутахассисларни жалб қилиш, тор ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда педагогларни моддий рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Жумладан, Президентнинг тегишли фармони билан нуфузли танловлар ғолибларини тайёрлаган педагогларга бир йил давомида 100 фоизгача, 2026/2027 ўқув йилидан эса ўқувчиларнинг ижрочилик даражасидан келиб чиқиб ҳар ойда 20 фоизгача устама тўлаш белгиланган. Шунингдек, педагоглар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини умумий ўрта таълим муассасалари педагоглари даражасига тенглаштириш назарда тутилган.
Педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилмоқда. 2025 йилда 1 минг 63 нафар, 2026 йил август ҳолатига 703 нафар педагог малака ошириш курсларидан ўтган. 2025-2026 йилларда аттестация натижаларига кўра 5 минг 680 нафар педагогнинг малака тоифаси оширилган.
Соҳада бошқарув жараёнларини рақамлаштиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Madaniyat ERP” ахборот тизими орқали ўқувчиларни қабул қилиш, уларни синф ва гуруҳларга тақсимлаш, педагогларга бириктириш, ўқув юкламалари ҳамда кадрларга оид маълумотларни электрон юритиш имконияти яратилган.
Муҳокамаларда мактаблар қувватини талабга мос равишда кенгайтириш, таъмирталаб муассасаларни манзилли дастурларга киритиш, яроқсиз мусиқа чолғуларини босқичма-босқич янгилаш, педагог ва концертмейстерлар етишмовчилигини бартараф этиш ҳамда рақамлаштириш ишларини якунига етказиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
М.Комилова, ЎзА