Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳукумат соати”: Маданият вазири Озодбек Назарбеков депутатларнинг саволларига жавоб берди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда “Маданият муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ва тарғиб қилиш ҳамда маданият соҳасидаги таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди.

Мазкур масала юзасидан депутатларнинг саволларига Маданият вазири Озодбек Назарбеков жавоб берди.  

Вазир қайд этганидек, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги тўққиз йилда мазкур соҳага оид 4 та қонун, Президентнинг 35 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 98 та қарори қабул қилинди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги ҳамда жонли ижро санъатини ривожлантиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, соҳа ходимларининг мақомини ошириш мақсадида 15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди.

Таъкидланганидек, маданият инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ишлар натижасида 2 та замонавий теaтр, 19 та маданият маркази, 20 та мусиқа ва санъат мактаби, 8 та ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ҳамда 5 та олий таълим муассасаси ташкил этилди.  

[gallery-28092]

Миллий анъана ва қадриятларимизни ёш авлодга етказиш мақсадида  Ўзбек миллий мақом санъати ва Республика бахшичилик санъати марказлари ташкил этилди, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари фаолияти йўлга қўйилди.

Аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон давлат филармонияси, “Баҳор” давлат рақс ансамбли, Андижонда ёшлар симфоник оркестри ва Фарғонада миллий симфоник оркестрлар фаолияти ташкил этилди. Шунингдек, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти каби янги олий таълим муассасалари ташкил этилди.

29 та хорижий мамлакатда Ўзбекистон маданияти кунлари ташкил этилган. Маданият ва санъат йўналишидаги халқаро танловларда 215 нафар юртдошимиз совриндор бўлган.  

“Ҳукумат соати”да депутатлар маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Қайд этилишича, соҳага давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар 2017 йилдаги 122,8 млрд сўмдан 2026 йилда 1,2 трлн сўмдан ортиққа етказилиб, қарийб 10 баробарга оширилган. 331 млрд сўмлик хусусий шерикчилик шартномалари тузилган.

Бугунги кунда 839 та маданият марказида 3 минг 258 та тўгарак ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари фаолият юритмоқда. 326 та мусиқа ва санъат мактабларида 90 мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Умуман, бугунги кунда маданий таълим йўналишидаги талаба ўқувчилар сони 110 мингдан ошди.  

Муҳокамалар давомида депутатлар бир қатор саволлар билан вазирга мурожаат қилдилар ва тегишли жавоблар қайтарилди.

Муҳокамалардан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА