Муқаддас қадрият ва ифтихор: Бухорода байрам шукуҳи
Мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг орзу-умидлари ва халқаро майдондаги юксак нуфузининг ёрқин ифодаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги юртимиз бўйлаб катта шодиёна сифатида нишонланмоқда. Ана шундай қутлуғ сана муносабати билан Бухоро шаҳридаги 28-умумтаълим мактабида ҳам юксак савияда маънавий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсолидир. Буюк аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар”. Ушбу пурмаъно фикрлар тадбирнинг бош ғоясига айланиб, ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграши билан тантанали равишда очилди. Мактаб жамоаси, ўқитувчилар ва барча ўқувчиларнинг бирдек, қўлларини кўксига қўйган ҳолда, чексиз ғурур ва ифтихор билан мадҳия куйлаши даврадаги ҳар бир иштирокчи қалбида она Ватанга бўлган муҳаббат туйғуларини янада жўш урдирди.

Байрам дастури мазмунли ва ранг-баранг чиқишларга бой бўлди. Мактабнинг фаол ва ижодкор ўқувчилари томонидан тинчлик, осойишталик ва муқаддас байроғимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, жозибали миллий рақслар ҳамда таъсирли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Айниқса, ўқувчиларнинг миллий либослардаги чиқишлари тадбирнинг тантанавор руҳини янада бойитди. Шунингдек, шеърхонлик ва адабий композициялар давомида ёш истеъдод эгалари она юртимиз гўзаллигини, байроғимиздаги ҳар бир ранг ва тимсолнинг туб маъносини — тинчлик, поклик, эзгулик ҳамда табиат уйғунлигини мадҳ этувчи шеърларни юксак маҳорат билан ўқиб эшиттирди.
Тадбир доирасида ўқитувчилар ва таклиф этилган меҳмонлар иштирокида маърифий суҳбатлар ўтказилди. Унда ўқувчиларга Давлат байроғимизнинг яратилиш тарихи, унинг қабул қилиниш жараёни ҳамда қонуний ҳимояси ҳақида қизиқарли ва атрофлича маълумотлар берилди.

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон байроғи бугун жаҳон майдонларида юксак мақом ва эътироф тимсоли сифатида мағрур ҳилпирамоқда”, деган сўзлари тадбир иштирокчиларига алоҳида руҳ ва илҳом бағишлади.
Давлат байроғи — бу халқимизнинг шонли ўтмиши, фаровон бугуни ва ёрқин келажагига бўлган мустаҳкам ишончи рамзидир. Бухоро шаҳар 28-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ушбу тадбир ўқувчилар қалбида ўз Ватанига, унинг муқаддас рамзларига бўлган садоқатни мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам бўлди.
Дилдора Ғаффорова,
Бухоро шаҳридаги 28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси