Бугуннинг шукуҳи: юртимиз кўчаларида мағрур ҳилпираган Ватан байроғи
Халқимизнинг озодлиги, мустақиллиги, миллий ўзлиги ва эзгу орзу-интилишларини ўзида мужассам этган Давлат байроғи муқаддас рамзларимиздан биридир.
Ёш авлод қалбида она юртга муҳаббат, давлат рамзларига ҳурмат ва дахлдорлик туйғусини кучайтириш, миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик ҳиссини юксалтириш мақсадида Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан 18 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ҳам байрамона тадбирлар ташкил этилди.
Пойтахтимизнинг марказий кўчалари бўйлаб Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳарбий бўлинмаларининг Давлат байроғи билан тантанали пиёда юриши ўтказилди. Ҳарбий хизматчилар «Ғалаба боғи» – Ўзбекистон давлат табиат музейи – «Чорсу» бозори – Тошкент цирки – Ўзбекистон шоҳ кўчаси ва Фурқат кўчаси йўналиши бўйлаб «Халқлар дўстлиги» санъат саройи майдонига етиб келди.
Давлат мадҳияси садолари остида бошланган тантанали маросимда фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар чақириқлари ҳамда ҳарбий оркестрнинг мусиқий дастури намойиш этилди.
– Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда ташкил этилган бугунги байрамона ҳарбий юриш бизга катта завқ бағишлади, – дейди Божхона институти курсанти Диёрбек Дилмуродов. – Божхона қўмитаси тизимидаги институтимиз курсантлари ҳам ушбу тадбирда фаол иштирок этди. Давлат байроғи нафақат миллий рамзимиз, балки ҳар биримиз учун фахр ва ифтихор манбаидир. Унинг мадҳия садолари остида ҳилпираши қалбимизда Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлайди. Божхона чегаралари орқали юртимизга кириб келаётган ҳар бир инсон, аввало, давлатимиз байроғини кўради. Спортчиларимиз эса халқаро мусобақалардаги ғалабаларини байроғимизни юксакларга кўтариш орқали нишонлайди. Бу ҳам миллий рамзимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромимизнинг ёрқин ифодасидир.
[gallery-32592]
– Биз бугун байроғингиз қабул қилинган кун нишонланаётганидан бехабар эдик. Кўчадаги мусиқа садолари ва байрамона намойишларга қизиқиб, улар ортидан эргашдик. Шу тариқа бу ерда кўплаб инсонлар жам бўлганига гувоҳ бўлдик, – дейди франциялик сайёҳлар Маттео ва Луванна. – Байрамона муҳит бизга жуда ёқди. Ҳарбийларнинг чиқишлари ва отлиқлар парадини томоша қилиб, тадбир иштирокчилари билан бирга қувончли лаҳзаларни ҳис этдик. Жуда гўзал манзаранинг гувоҳига айландик.
Айниқса, байроғингиздаги кўк ва яшил ранглар эътиборимизни тортди. Биз бу рангларни жуда яхши кўрамиз. Ташкил этилган тадбирлардан катта таассурот олдик.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат),
Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА