
Жиззах вилояти ҳокимлигида яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ тушумини ошириш ва давлат назорат механизини янада такомиллаштиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2024 йил 16 январдаги “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларининг вилоятдаги ижроси таҳлилий ва танқидий руҳда муҳокама қилинди.
Йиғилишда Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов, вилоят прокурори Бахтиёр Иброҳимовлар томонидан тизимда йўл қўйилган хато ва камчиликлар жиддий танқид остига олиниб, муттасадди раҳбар ва масъуллар қатъий огоҳлантирилди.

Тадбирда Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича ҳудудий комиссия аъзолари томонидан жорий йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар ҳам тингланиб, ҳисоботлар таҳлили давомида тизимда йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, йиғилиш якунида тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида 23 та устувор йўналишда белгиланган солиқ прогноз режаларини тўлиқ бажариш юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбар ва масъуллари зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Бюджет тушумларини ошириш, яширин даромад манбаларини аниқлаш ва қонунийлаштириш орқали иқтисодий тартиб-интизомни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу каби тизимли ва изчил чора-тадбирлар вилоятда қонунийликни таъминлаш, солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда яширин иқтисодиётнинг олдини олишга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари