Шаффофлик — соғлом иқтисодиёт асоси
Жиззах вилоятида яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган профилактик тадбирлар мазмунан янги босқичга кўтарилмоқда. Бу галги ёндашув назорат ёки жазо чораларидан кўра, тушунтириш, мулоқот ва ҳамкорликка устувор аҳамият берилаётгани билан ажралиб туради.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда солиқ идоралари ҳамкорлигида тадбиркорлар билан очиқ, юзма-юз учрашувлар ташкил этилмоқда. Уларда бизнес ва давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, қонун талабларини аниқ ва лўнда етказиш асосий мақсад сифатида белгиланган.

Мулоқотлар давомида солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар, ҳисоб-китобларда нақдсиз тўловларни кенг жорий этишнинг афзалликлари, шунингдек, яширин айланмаларнинг иқтисодиётга салбий таъсири таҳлилий мисоллар орқали тушунтирилмоқда. Айниқса, “нақдсиз иқтисодиёт — ҳалол тадбиркорни ноҳалол рақобатдан ҳимоя қилиш воситаси” эканига алоҳида урғу берилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, яширин иқтисодиёт нафақат давлат бюджети даромадларини камайтиради, балки бозорда адолатсиз рақобатни кучайтириб, қонуний фаолият юритаётган тадбиркорлар манфаатига зиён етказади. Шу боис профилактик тадбирлар орқали қонунбузарликларнинг олдини олиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини ошириш энг самарали йўл сифатида қаралмоқда.

Учрашувларда тадбиркорларни қийнаётган амалий масалалар очиқ муҳокама қилиниб, солиқ ҳисоботи, электрон тўлов тизимлари ва қонуний имтиёзлар бўйича аниқ тавсиялар берилмоқда. Бу эса давлат идораларининг “жазоловчи” эмас, балки “ҳамкор” сифатида майдонга чиқаётганини кўрсатади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА