Муҳандислик мактаблари замонавий саноат тармоқлари ривожига қай даражада ҳисса қўшади?
Истаймизми-йўқми, замон ёшлардан компьютер технологияларига оид билимларни пухта эгаллаш ва соҳани мукаммал билишни талаб этмоқда. Хўш, муҳандис мутахассислар саноат ишлаб чиқариш тармоқлари ва замонавий иқтисодиётнинг ривожланишида қай даражада ҳисса қўшади?
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, профессор Қўнғиротбой Шарипов ўз фикрларини билдирди.
– Муҳандис мутахассислар саноат ишлаб чиқариш тармоқлари, замонавий иқтисодиётнинг ривожланишида катализатор вазифасини бажаради. Президентимиз 2022 йилги Мурожаатномасида “...Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз”, деган эди.
Мамлакатда иқтисодий барқарорликка эришиш, саноатни янада ривожлантириш учун бугун технологиялар, айниқса, муҳандислик соҳасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Хусусан, IT соҳаси, техника жабҳалари ва турли ноу-хаулар орқали Европа давлатлари ўз истиқболли дастурлари ҳамда назарияларни шакллантириш билан бирга, тажрибаларини амалиётга кенг жорий қилишга эришмоқда. Натижада у мамлакатларда муҳандислик соҳаларида жадал илмий такомиллашув кузатилиб, улар замонавий иқтисодиётга таяниб, пухта режалаштирилган қарорлар қабул қилиш учун етарли мотивация ва истиқболли имкониятларга эга бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, муҳандислик соҳаси замонавий саноат тармоқлари учун фойдали бўлган турли технологик асбоб-ускуналар, машиналар, предметларни ишлаб чиқишда иқтисодиётга ўзаро боғлиқ бўлиб, касб-ҳунар сифатида саноат ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бирга, маҳсулот таннархини минималлаштирмоқда.
Шу билан бирга, муҳандислик ва технология соҳасидаги жадал инновациялар мамлакатларнинг экспорт салоҳиятини кўтариб, халқаро бозорларга олиб чиқмоқда.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда замонавий иқтисодиётни технологик юксалтириш орқалигина бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқариш ва инсон капиталида ўсиш содир бўлишини илгари суриб келмоқда.
Бугунги кундаги муҳим вазифа муҳандислик мактаблари учун коллежлар базасини аниқлаш, уларга хорижий мутахассисларни жалб этиш, мактабларнинг йўналиш, дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтиришдан иборат.
Узликсиз кўламли ислоҳотларда маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, саноатни жадал ривожлантириш, кўплаб муҳандисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, муҳандислик мактаблари учун коллежлар базасини аниқлаш ҳамда янги мактабларни оммалаштиришни жадаллаштиришни кўрсатади.
Айни пайтда давлатимиз томонидан ихтисослашган мактаблар фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинган бўлиб, муҳандислик мактаблари ўқувчиларини халқаро таълим дастурлари асосида ўқитиш билан бирга, уларни замонавий ўқув дарсликлари билан таъминлаш жараёнлари бошланган.
Мазкур мактаб ўқувчилари камида 1 та хорижий тилни билиши бўйича миллий ва халқаро сертификат олиш мумкинлиги талаб этилмоқда. Улардаги юқори синф ўқувчилари бевосита корхоналарда амалиёт ўташи учун ихтисослигидан келиб чиқиб, илмий тадқиқот институтлари ва олийгоҳларнинг кафедраларига бириктирилмоқда.
Президентимиз таъбири билан айтганда, «Умуман, ихтисослашган мактаблар таълим, илм ва амалиётни ўзига қамраб олган ягона кластер доирасида фаолият юритиши керак»лиги бугун долзарб ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари томонидан бугунги кунда 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги белгилаб берилган. Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий қилинмоқда. Хусусан, кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга алоҳида муҳандислик мактаблари ташкил қилинмоқда.
Замонавий муҳандислар тайёрлаш мактаблари келажакда мамлакатимизда техника ва технология соҳаси жадал тараққий этишини асослайди.
Ривожланган давлатлар тажрибасига назар солсак, муҳандислар жуда қисқа вақт ичида юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга жалб этилиб, инсоният учун кундалик зарур бўлган турли машина ва воситаларни ишлаб чиқадилар. Шу орқали ўз мамлакатлари экспорт айланмасини оширишга мислсиз ҳисса қўшадилар. Бу замонавий иқтисодиётда ишлаб чиқариш фаолияти ривожланишига туртки бўлади. Юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми ошгани сари бозорда талаб ҳам ошади ва мамлакат иқтисодиётини янада барқарорлаштиради.
Муҳандислик ва технология соҳасидаги инновациялар замонавий иқтисодиётларнинг иқтисодий ўсишини таъминловчи катализатор бўлиб, аҳоли фаровонлигини, айниқса, уларнинг онгини оширишга, қўшимча қиймат яратишга ҳам хизмат қилади.
Муҳандислик-технология соҳасидаги жадал ривожланиш бундай замонавий машина ва ускуналардан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш учун малакали ишчи кучини талаб қилиб, кўпроқ бандликни таъминлаш имкониятларини яратади.
Бугунги кун талаби «ихтисослашган мактаб – олий таълим муассасаси – буюртмачи ташкилот» занжирини яратиш кераклигини олдимизга муҳим вазифа қилиб қўяди. Бунда олий таълим муассасасида тайёрланадиган кадрлар буюртмачининг талабидан келиб чиқиб кадрлар тайёрлаш керак ва шунга қараб ишларни ташкил этиши лозим.
Шу нуқтаи назардан замонавий иқтисодиётда инновацион ғояларга эга, билимли, илмга чанқоқ ва интеллектуал кадрларни тайёрлаш, инсон капиталини ривожлантириш – Янги Ўзбекистон тараққиётини ҳал қилувчи омилидир.
Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди, ЎзА