Муаммога жойида ечим топилди
Арнасой туманида тадбиркорлар билан мулоқотнинг янги амалиёти йўлга қўйилди. Энди солиқ органлари муаммони кабинетда кутиш эмас, балки унинг ўзигача етиб бориш тамойили асосида ишламоқда. Бу эса Президентнинг кичик бизнес учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий муҳит яратишга қаратилган Фармони ижросини таъминлашда муҳим амалий қадам бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 майда қабул қилинган “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида Жиззах вилояти Арнасой тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан тадбиркорлар билан манзилли учрашувлар ташкил этилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу мулоқотлар хизмат хоналарида эмас, балки бозорлар, савдо шохобчалари, ишлаб чиқариш объектлари ҳамда чекка маҳаллаларда ўтказилмоқда. Бу эса тадбиркорларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни жойида ўрганиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш ва масалаларга тезкор ечим топиш имконини яратмоқда.

Учрашувлар чоғида тадбиркорларга Президент Фармони билан жорий этилган солиқ имтиёзлари, енгилликлар ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиш тартиби ҳамда Soliq мобил иловасидан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Хусусан, рақамли хизматлардан кенг фойдаланиш орқали ортиқча қоғозбозликни қисқартириш, вақт ва маблағни тежаш имкониятлари тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса давлат хизматларини янада содда, тезкор ва қулай ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бугун солиқ органлари фаолиятида асосий устуворлик тадбиркорни жазолаш эмас, балки унинг қонуний фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қонунчилик талабларини тўғри қўллашда амалий кўмак бериш ва бизнес ривожига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.
Арнасой тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан бундай очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар изчил давом эттирилмоқда. Ҳар бир тадбиркорнинг мурожаати атрофлича ўрганилиб, уларни қийнаётган масалаларни имкони қадар жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби амалий ёндашувлар ҳудудда соғлом бизнес муҳитини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда давлат идоралари билан бизнес вакиллари ўртасидаги ўзаро ишончни кучайтиришга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири