Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи
Бугунги иқтисодий ислоҳотлар жараёнида солиқ органлари фақат назорат қилувчи эмас, балки тадбиркор учун ишончли ҳамкор, амалий кўмакчига айланиб бораётгани амалда ўз тасдиғини топмоқда. Жиззах вилоятида бу тамойил изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Бобир Исмоиловнинг жойларга чиқиб, тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот ўтказаётгани муаммоларни кабинетда эмас, айнан жойида ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ана шундай манзилли учрашувлардан бири Шароф Рашидов туманидаги “Чақмоқ” фермер хўжалигида бўлиб ўтди.
Мазкур хўжалик фаолияти билан яқиндан танишиш асносида унинг нафақат ишлаб чиқариш, балки ижтимоий аҳамияти ҳам яққол намоён бўлди. Айниқса, 51 нафар маҳаллий аҳолининг доимий иш билан таъминлангани ҳудудда бандликни оширишга қўшилаётган муносиб ҳиссадир. Сўнгги уч ойдаги 5 миллиард 317 миллион сўмдан ортиқ айланма маблағ эса хўжаликнинг иқтисодий барқарорликка эришиб бораётганидан далолат беради.
Эътиборлиси, ноль ставкадаги солиқ имтиёзлари натижасида тадбиркор ихтиёрида 362 миллион сўмдан зиёд маблағ қолган. Бу эса ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва сифатни ошириш учун муҳим молиявий имконият демакдир.

Бироқ ҳар қандай фаолиятда бўлгани каби, бу ерда ҳам айрим муаммолар мавжуд. Хусусан, солиқ ҳисоботларини топширишда юзага келаётган техник қийинчиликлар тадбиркорни анча вақтдан буён ташвишга солиб келаётган эди. Мутахассислар иштирокида ушбу масала жойида ўрганилиб, қисқа фурсатда амалий ечим топилди. Бу эса “солиқчи — маслаҳатчи ва кўмакчи” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлди.

Мазкур йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида изчил амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатда солиқ тизимини соддалаштириш, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

— Бугунги солиқ тизимининг асосий вазифаси — тадбиркорни жазолаш эмас, уни қўллаб-қувватлашдан иборат, — дейди бошқарма бошлиғи Бобир Исмоилов. — Ҳар бир муаммони жойига чиқиб ўргансак, ечим ҳам тез, самара ҳам юқори бўлади. Тадбиркор рози бўлса, иқтисодиёт ривожланади.
Дарҳақиқат, жойларда олиб борилаётган ана шундай амалий мулоқотлар тадбиркорларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Муаммоларнинг тезкор ҳал этилиши эса уларнинг фаолиятида янги суръат, янги имкониятлар очмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА