Мозамбикда мухолиф сиёсатчи судланади
Мозамбикда мухолиф сиёсатчи Венансио Мондлейн устидан суд жараёни бошланди. Собиқ президентликка номзодга беш хил, жумладан терроризмга даъват қилиш айби қўйилган.
DW нашри хабар беришича, ушбу жараён мамлакат сиёсий келажагини белгилаб беради ва фуқароларнинг давлат институтларига ишончи даражасига таъсир кўрсатади.
Гумонланувчи 2024 йил октябрь ойидаги сайловдан кейин жиноятни оммавий равишда тарғиб қилиш, жамоавий бўйсунмаслик ва терроризмга ундашда айбланяпти. Айбдор деб топилса, сиёсатчи 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Мондлейн барча айбловларни инкор этиб, ҳеч қачон зўравонликка чақирмаганини билдирди. Ўз оммавий баёнотлари зўравонликнинг олдини олишга қаратилганини таъкидлади.
– Кўплаб баёнотларим айбловга нисбатан бутунлай тескари мазмунда эканига етарли далиллар бор, – деган эди у сентябрь ойида Страсбургдаги Европа парламенти йиғилишига ташрифи чоғида.
Сайловдан кейинги норозилик намойиши икки асосий мақсадни кўзлаган: Мондлейн сиёсий ҳаракати аъзоларининг суддан ташқари қатл этилишини тергов қилиш учун ҳукуматга босим ўтказиш ва сайлов натижаси бўйича ҳақиқатни аниқлаш.
Норозилигимиз билан боғлиқ асосий масалалар шулар эди, – дея қўшимча қилган у. – Бунинг зўравонликка мутлақо алоқаси йўқ.
А.Маматов, ЎзА