ЕИ Украинага қўшимча 45 миллиард евро ажратишни режалаштирмоқда
Европа комиссияси 2027 йилда Украинага 45 миллиард евро миқдорида қўшимча кредит беришни режалаштирмоқда. Жалб этиладиган маблағнинг 20 миллиард евроси бюджет харажатларига, 25 миллиард евроси эса дронлар, ракеталар ва ҳаво мудофааси тизимлари учун сарфланиши кўзда тутилган. Комиссия раиси Урсула фон дер Ляйен тақдим этган режа аввал келишилган 90 миллиард евролик ёрдамга қўшимча бўлади. Янги кредит ЕИга аъзо давлатларнинг умумий қарзи ҳисобидан молиялаштирилади.
Фон дер Ляйен таклифни ЕИга аъзо барча 27 давлат қўллаб-қувватлашига ишонч билдирган бўлса-да, Словакия, Чехия, Венгрия ва Болгария бундай молиялаштиришда иштирок этмаслигини билдирган.
Германия канцлери Фридрих Мерц эса Украинага янги ёрдам бўйича умумий келишувга эришилмаса, ЕИнинг навбатдаги кўп йиллик бюджетига вето қўйиш билан таҳдид қилмоқда. Словакия бош вазири Роберт Фицо бу позицияни “шантаж” деб атади. Таклиф келаси ҳафта Брюсселда ўтадиган саммитда муҳокама қилинади.
Режанинг энг мураккаб жиҳатларидан бири – қарзнинг фоиз харажатлари. Энергия нархлари ва геосиёсий беқарорлик туфайли бозорларда қарз олиш қимматлашган, бу эса ЕИ зиммасига ҳар йили миллиардлаб евро фоиз тўловларини юклаши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА