Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Мўйноқ тумани экология инспектори Шамил Торежановнинг вафот этганини маълум қилди. Аниқланишича, инспектор рейд вақтида автоҳалокат туфайли вафот этган.
«Ел хизметинде» газетаси маълум қилишича, Орол денгизининг қуриган майдонида ноқонуний овчилар юрганлигидан хабар топган Мўйноқ экология инспекцияси бошлиғи Т.Тилеумуратов, инспекторлар Ш.Торежанов, А.Мамбетназаровлар автомашинада йўлга чиққан. Йўлда транспортнинг баллонига шикаст етиб, йўлдан чиқиб кетади ва автоҳалокатга учрайди. Ҳодиса жойида инспектор Ш.Торежанов оғир жароҳат олиб аҳволи қийинлашган, кўп ўтмай жони узилган. Кимсасиз ўлкада уларга тез ёрдам кела олмаган. Хабар беришнинг ҳам иложиси йўқ, чунки мобиль алоқа бу жойларда ишламайди. Энг яқин одам яшайдиган жойнинг ўзи 45 километр эди.
Бахтсиз ҳодиса тафсилотини баён қилган Т.Тилеумуратовнинг таъкидлашича, у вақтни чўзмай Орол денгизининг қирғоғида артемия йиғиш билан шуғуллланадиганларни ёрдамга чақириш учун пиёда кетади. Яна бир шериги бахтсиз ҳодиса жойида қолади.
Т.Тилеумуратов изғирин совуқда 45 километр йўл босиб, туннинг бир палласида аранг деганда денгизнинг қирғоғидаги лагерларга етади. Лекин, артемиячиларда фақат ботқоқликда юра оладиган транспортдан бошқаси йўқ экан. Тун ичида юра олмаслигини маълум қилади. Шу жойдан телефон орқали Мўйноқга хабар қилади.
Ҳозирда воқеа бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Е.Қаноатов, ЎзА