Экологик рейдларда қоидабузарларга чора кўрилди
Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси Экополицияси ходимлари томонидан ҳудудларда экологик қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида кундузги ва тунги вақтларда мунтазам назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 15 июндан 16 июлга қадар амалга оширилган экологик рейдлар давомида автотранспорт воситалари орқали қурилиш чиқиндиларини белгиланган жойлардан ташқарига ноқонуний ташлаш билан боғлиқ 21 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда жарима чоралари қўлланилди. Шунингдек, 14 та транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилди.
Назорат тадбирлари давомида қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган ҳудудларга такроран ноқонуний ташлаган икки юк автомобили ҳам аниқланди. Мазкур транспорт воситаларини мусодара қилиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда суд органларига юборилди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни белгиланган тартибда жойлаштириш ва экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари вилоят ҳудудида изчил давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.