Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида икки кун давомида велоспортнинг энг экстремал йўналишларидан бири — "Mountain Bike" бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақа юқори савияда ташкил этилиб, турли ёш тоифаларида юртимизнинг энг иқтидорли спортчилари ғолиблик учун кураш олиб борди.
Жумладан, чемпионатнинг "Cross-country short track" баҳсларида катталар ўртасида Камрон Йўлдошев (Самарқанд) ва Виктория Ползунова (Сирдарё) ғолиб бўлган бўлса, 17–18 ёшлилар орасида Шоҳрух Қодиров (Хоразм) ҳамда Роксана Ҳикматова (Тошкент вилояти) зафар қучди. Шунингдек, Нурмуҳаммад Пардабоев (Самарқанд) ва Гулбаҳор Хўжаназарова (Қорақалпоғистон) эса 15-16 ёш тоифасида олтин медални қўлга киритди.

Мамлакат биринчилигининг "Cross-country" йўналишида Камрон Йўлдошев (Самарқанд), Муҳаммад Бахтиёров (Самарқанд), Лочинбек Асадов (РОПСТТМ), Виктория Ползунова (Сирдарё), Роксана Ҳикматова (Тошкент вилояти) ҳамда Гулбаҳор Хўжаназарова (Қорақалпоғистон) ўз ёш тоифаларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Икки кунлик мусобақа натижаларига кўра, Самарқанд вилояти вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди ва чемпионлик кубогига эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА