“Ўзбекистон – китобхонлар юрти” республика китобхонлик ҳафталиги давом этяпти. Бу тадбир фарғоналиклар учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки 2025 йил Фарғона вилоятида китобхонлик йили, деб эълон қилинди. Идора-ю ташкилот, ўқув юрти-ю фермер далаларида китоб тақдимотлари, ёзувчи- шоирлар билан учрашувлар узлуксиз ўтказиляпти.
Уларнинг бирида болалар ёзувчиси, иқтидорли носир ва шоир Қобилжон Шерматовнинг “Улуғбек Попкорн сайёрасида” саргузашт қиссасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Асарда буюк бобомиз Улуғбекнинг ёшлиги фантастик сайёралардаги саргузаштлари уйғунлигида тасвирланган.

– Ўзбекистон Президенти маънавият ва маърифат вакилларининг кенгайтирилган йиғилишида болалар адабиётига эътибор қаратиб, буюк боболаримизнинг болалиги тасвирланган китоблар нега кам, деган эдилар, – дейди ёзувчи Қобилжон Шерматов. – Масалан, Амир Темур ҳақида романлар бор. Аммо унинг болалигини акс эттирувчи асарлар-чи? Шунинг акс- садоси сифатида мазкур китоб ёзилди.
Қобилжон Шерматов 1997 йилда Ёзёвон туманида туғилган. Ижодий ишлари дастлаб “Ҳайрат булоқлари” (2010), “Водий гулдастаси” (2016), “Ҳур нафаслар” (2012) каби баёзларда эълон қилинган. “Қишлоқжоним” номли илк шеърий тўплами, “Балки Мош ҳам туш кўрар”, “Бир қулоқли Қўзичоқ” номли китоблари нашр этилган.

“Улуғбек Попкорн сайёрасида” эса саргузашт жанридаги ёрқин бадиий асар сифатида эътироф этиляпти.
– Буюк олим болалигида ҳам дўстларидан ажралиб турадиган зеҳн ва тафаккурга эга, ҳалол бола бўлган. Шу хислатларини очиб беришга ҳаракат қилдим, – дейди болалар ёзувчиси. –Китобхонлар ҳафталиги –ёзувчилар, китобхонлар байрами. У бардавом бўлишини истаймиз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-KbwkzO4nQE" title="“Mirzo Ulug‘bek o‘zga sayyorada”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА мухбирлари