Мингтепа – замонавий туризм марказига айланади
Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий ва тарихий қадриятлар, маънавий-маданий меросни асраб-авайлаш, сақлаш, улардан фойдаланиш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда маданий мерос объектларини ўрганиш нафақат тарихий ҳақиқатни тиклаш, балки иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлган туризм индустриясини юксалтиришда ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда.

Шу ўринда Жаҳон иқтисодий Форуми томонидан Ўзбекистоннинг 2024 йилда “Туризмни ривожлантириш бўйича дунёнинг энг фаол мамлакати” деб топилгани бу борадаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофидир.
Юртимиздаги 8 минг 200 дан ортиқ маданий мерос объекти орасида Андижон вилоятидаги 400 дан ортиқ маданий мерос ёдгорликларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Вилоятдаги маданий ёдгорлик объектларининг катта қисмини археологик манзилгоҳлар ташкил этади. Уларнинг орасида Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология ёдгорлиги ўзининг кўлами, миқёси ва тарихий аҳамияти билан алоҳида ажралиб туради.
Мингтепа – милоддан аввалги IV – милодий V асрларда мавжуд бўлган қудратли Довон давлати пойтахти – Эрши шаҳрининг тирик харобаларидир. Фарғона водийси, Қирғизистоннинг Ўш ва Тожикистоннинг Хўжанд вилоятини ўз ичига олган бу давлат қадимда ўзининг “самовий отлари” ва юксак шаҳарсозлик маданияти билан машҳур бўлган.

Қалъанинг ички қисми 38 гектар, ташқи қисми эса 230 гектар майдонни эгаллагани унинг ўз даврида нақадар йирик шаҳар бўлганидан далолат беради. Хитой олимларининг эътироф этишича, Мингтепа Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк Ипак йўли маданиятларининг интеграциялашувини ўрганишда ўзига хос боғловчи шаҳар ҳисобланади.
“Мингтепа” археологик ёдгорлигини муҳофаза ва тадқиқ қилиш ишлари сўнгги йилларда давлат ва ҳукумат даражасидаги бир қатор қарорлар билан мустаҳкамланди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги “Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қарори ёдгорликни сақлаш ва ўрганишда янги босқични бошлаб берди. Ушбу объектда 2012 йилдан буён хитойлик ва мамлакатимиз мутахассисларидан иборат халқаро экспедициялар иш олиб борилмоқда.
Маданий мерос объектларини ўрганиш, тадқиқ этишда нафақат давлат, балки жамоат ташкилотларининг ўрни ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, 2018 йилда Марҳамат туманида ташкил этилган “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди фаолияти бунга яққол мисол бўла олади.

Ўтган йиллар давомида Фонд томонидан амалга оширилган лойиҳалар доирасида очиқ ва ёпиқ “Мингтепа” тарихий музейлари ташкил этилди, катта автомобиль йўллари бўйларида “Қўнарға” рамзий маскани ва “самовий отлар карвони” хиёбонлари яратилди.
Натижада, ҳар йили ўн мингдан зиёд маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ушбу масканга ташриф буюрмоқда. Шунингдек, туман ҳудудида тиббиёт, гастрономик ва экотуризм йўналишларида йигирмадан ортиқ янги туристик объектлар, жумладан, “Марҳамат чинни сомсалари” маркази ва “Дарахтлар устидаги оромгоҳ” каби этномасканлар яратилган.
Президентимизнинг 2019 йилда Андижон вилоятига ташрифи чоғида жамоат фонди мутахассислари томонидан “Мингтепа” археология ёдгорлигини ободонлаштириш, унинг базасида ички туризмни ташкил этиш ҳамда замонавий тарзда ривожлантириш масалалари юзасидан тақдимот ҳам қилинган.
Ана шу тақдимот доирасида фонд БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 25-сессияси, Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро туризм ярмаркасида махсус кўргазма ва таклифлари билан иштирок этди. Шу билан бирга, Хитой ва Ўзбекистон қўшма экспедицияси томонидан “Мингтепа” археологик ёдгорлигига доир илмий янгиликларни жамоатчиликка етказиш учун “Кўҳна Довон сирлари” 1-халқаро археология туризми форуми ўтказилди.
“Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди ташаббуси билан 18 апрель – “Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни” муносабати билан бир неча йилдан буён анъанавий тарзда илмий-амалий анжуманлар ўтказиб келинади. Бундан ташқари, ёш олима Шаҳло Ҳусанова “Мингтепа”нинг Марказий Осиё тарихи ҳамда “Буюк ипак йўли” савдо алоқалар тизимидаги роли ва аҳамиятига оид “Мингтепанинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни” мавзусидаги илмий ишини ҳимоя қилди.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, “Мингтепа” каби ноёб археологик ёдгорликларни нафақат тарихий мерос, балки кучли иқтисодий ва туристик драйверга айлантириш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, “Мингтепа” археология ёдгорлиги нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисмидир. Бироқ, объектнинг тўлиқ салоҳиятини юзага чиқариш учун ҳали амалга ошириладиган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар талайгина.
Қазишма ишларини жадаллаштириш, топилган ашёларни бутун ҳолича сақлаш ва ҳудудни ободонлаштириш ҳамда инфратузилмани замон талаблари асосида ривожлантириш учун қўшимча маблағ, ташаббус ва комплекс ёндашув зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Келгусида “Мингтепа” маданий ёдгорлигини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш чораларини кўриш, объект негизида халқаро меъёр ва стандартларга жавоб берадиган “Очиқ осмон остидаги музей” ташкил этиш, Марҳамат тумани номини тарихий аҳамияти ва даражаси юқори бўлган Мингтепа номига ўзгартириш масаласини кўриб чиқиш, сайёҳлар оқимини кенгайтириш, замонавий инфратузилма яратиш мақсадида қўшимча ер майдонлари ажратиш, хизмат кўрсатиш кўлами ҳамда сифатини ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бир сўз билан айтганда, “Мингтепа” ёдгорлиги мажмуасини муҳофаза қилиш ва илмий тадқиқ этиш, фақат тарихий масъулият эмас, балки миллий ўзликни англаш ва аждодларнинг инсоният цивилизациясига қўшган беназир ҳиссасини келажак авлодларга етказиш стратегик вазифалардан биридир.
Адҳамжон Узоқжонов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА.