Бухорода туристик мавсум бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳрида туристик мавсум бошланиши билан туризм соҳасида фаоллик сезиларли даражада ошди. Хизмат кўрсатиш инфратузилмаси, жумладан, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш масканлари, транспорт ва гидлик хизматлари изчил ривожланиб, сайёҳлар учун яратилаётган шароитлар кенгаймоқда.
Ҳудудда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда. Таълим муассасалари ва соҳа вакиллари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, семинарлар, халқаро тренинглар ва амалий учрашувлар орқали янги ривожланиш йўналишлари белгилаб олинмоқда.
Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси сайёҳларнинг асосий эътибор марказида бўлиб, улар тарихий обидалар ва машҳур шахслар ҳаётига оид маълумотлар билан яқиндан танишмоқда. Шу билан бирга, шаҳарда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари хорижий меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.
[gallery-28647]
Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус хизматлар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Умуман, сайёҳлар оқимининг ортиши маданий меросни кенг тарғиб этиш, халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожланишни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. Бу эса туризмни мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини намоён этмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА