Бир куни пойтахтимизнинг қадимий бозори — Чорсуга тушдим. Кийим сотиладиган растаю дўконларнинг кўпчилиги атлас, адрас каби миллий матоларимиз ва улардан тикилган кўйлак, нимча, чопон, кастюм ва яна замонавий кўринишдаги қўшимча аксессуарлар билан тўла эди.

Бири биридан чиройли ва бежирим. Қараганингиз сари кўзингиз яйрайди, ҳаммасидан олиб кийгингиз келади. Каштали, каштасиз, қавилган, астарли, астарсиз, узуни, калтаси — хоҳлаган туридан бор. Ҳар бирининг кўринишию устингизда туриши, дизайни ўзгача. Кичик ёшдаги ўғил-қизлардан тортиб ўрта ёш ва кексаларга мўлжалланган турли кўринишдаги миллий либосларимиз ҳар қандай инсонни завқлантиради. 

Тошкентда ҳар жума куни давлат муассасаларида “Миллий либослар куни” нишонланиши ва шунга муносиб равишда миллий либослар кийиш анъана тусини олмоқда. Ўқувчи ёшларимиздан тортиб талабалар, ўқитувчилар, ташкилот ва муассасалар вакиллари турли кўринишдаги миллий либос ва дўппиларни фахр билан кийишмоқда. Миллий либосларимиз ташқи кўриниш гўзаллиги баробарида миллатимизга хос миллий ўзлик ва маънавий тарбиянинг ҳам муҳим воситаси, дейиш мумкин. Устида миллий либоси бўлган ҳар бир инсон қалбида, албатта, миллийлигидан, халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналаридан ғурурланиш ҳисси жўш уриб туради. 

Бугун юртимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар ва меҳмонлар устида ҳам миллий матоларимиздан тикилган кийимларни кўриш ҳар бир миллатдошимизга фахр туйғусини бағишлайди. Ранг-баранг, кўркам ва бежирим, дилни қувонтирадиган миллий либосларимиз хорижликларни ҳам ўзига ром этиб, уларда катта қизиқиш уйғотаётгани қувонарли, албатта. Миллий заргарлик буюмларимиз эса миллий либосларимизга янада қўшимча зеб ва кўрк қўшади. 

Миллий либосларимиз, матоларимиз миллатимиз кўрки, қўлигул ҳунарманд бобо-момоларимизнинг бизга қолдирган мероси намуналаридир. Шу билан бирга, халқимизнинг маънавий мафкурасини, ҳудудлармизнинг ўзига хос услубларини ҳам ўзида намоён этади. Ўзбек миллий кийимлари беғуборлик, одоб-ахлоқ, асрий анъаналар, самимийлик ва ор-номусни қадрлашга чорлайди. Миллий либос ва матоларимиздаги ранглар, нақшлар, белгилар ўзига хос рамзий маъно-мазмунга эга. Шу билан бирга, ўзгача ҳашамдорлик ва бетакрорлик бахш этади. 

Чорсунинг миллий мато ва либосларга тўла расталари оралаб борар эканман, шу каби ўй-хаёллар бошимда чарх уриб, қалбимда ғурур туйғуси уфурар эди. Бир-биридан гўзал ва бетакрор миллий либосларимиздан олмасдан қайтгим келмади. Онамга, қайнонамга, ўзим ва қизларимга камзул, кўйлак ва нимчалар олдим... 

Миллийлик ва замонавийлик мужассам бўлган либосларимиз ҳамиша кўзимизни қувнатиб, қалбимизни ёшартириб, руҳимизни миллатимизга, она юртимизга бўлган меҳр-муҳаббат алангаси билан тўлдираверсин. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий либосларимиз миллий ўзлик ва маънавий тарбия воситасидир