Миллий кўргазмада 400 дан ортиқ ижодий иш намойиш этилди
Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш, ҳар бир бола учун тенг имконият ва қулай таълим муҳитини яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда UNICEF ҳамкорлигида “Менинг мактабим — ҳар бир бола учун” миллий кўргазмаси ташкил этилди.
Мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жамланган расмлар, ҳикоялар, шеърлар, фотосуратлар ва видеолавҳалар намойиш этилмоқда. Уларда болаларнинг таълимга бўлган қарашлари ҳамда қулай ва қўллаб-қувватловчи таълим муҳитига оид орзу-интилишлари акс эттирилган.

Тадбирнинг очилиш маросимида вазир ўринбосари Фарҳод Боқиев иштирок этиб, инклюзив таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароитлар ҳамда келгуси режалар ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, масъуллар томонидан “Менинг мактабим – ҳар бир бола учун” номли ижодий танлов ғолиблари ҳам тақдирланди. 7 ёшдан 13 ёшгача бўлган болалар иштирок этган мазкур танловда 400 дан ортиқ ишлар намойиш этилган.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунда юртимизда 2365 та мактаб ва 248 та мактабгача таълим ташкилотида инклюзив таълим жорий қилинган бўлиб, унда 8 минг нафарга яқин ўқувчи ҳамда тарбияланувчи қамраб олинган.
Кўргазма намойиши пойтахтимиздаги Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида 14 июнга қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА