Ёшлар ижоди эътироф этилди, қадрланди
Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида таҳсил олаётган ёшларнинг 100 дан ортиқ ижодий иши намойиш этилди. Кўргазма доирасида ташкил этилган хайрия аукциони эса ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатига муносиб баҳо беришга қаратилди.
Истеъдодни кашф этиш муҳим, уни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш эса янада катта эътибор талаб этади. Айниқса, ёш авлоднинг санъат ва ҳунармандчиликка бўлган қизиқишини рағбатлантириш, ижодий изланишларига кенг йўл очиш ҳамда улар яратган асарларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш келажакда янги истеъдодлар камол топишида муҳим ўрин тутади.

Ана шундай эзгу мақсадда Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида фаолият юритаётган «Амалий санъат ва рассомчилик» тўгараги аъзоларининг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди.
Мазкур тадбир Сирдарё вилояти Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбари Анорбек Бойбеков ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Кўргазмадан ёш ижодкорлар томонидан яратилган 100 дан ортиқ иш ўрин олди. Унда рангтасвир ва рассомчилик намуналари, миллий ҳунармандчилик анъаналарини ўзида мужассам этган кулолчилик буюмлари, тикувчилик маҳсулотлари ҳамда турли амалий санъат ишланмалари намойиш этилди.

Ҳар бир ижод намунасида ўқувчиларнинг изланиши, маҳорати, бой тасаввури ва ўзига хос дунёқараши акс этган. Айниқса, миллий нақшлар ва анъанавий ҳунармандчилик усулларининг замонавий ижодий ёндашувлар билан уйғунлаштирилгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу эса ёшларнинг амалий кўникмалари билан бирга, эстетик диди ва бадиий тафаккури ҳам шаклланиб бораётганини кўрсатади.

Тадбирда ижод мактаби директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова ҳам иштирок этди. У мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитлар, таълим-тарбия жараёни, фаолият юритаётган қўшимча тўгараклар, улардаги машғулотлар йўналишлари ҳамда ёшларнинг ижодий қизиқишлари ҳақида фикр билдирди.
Ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишларини эрта аниқлаш, уларни санъатнинг турли йўналишларига жалб этиш, ижодий салоҳиятини ривожлантиришда қўшимча машғулотларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тадбирнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири ёш ижодкорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида хайрия аукциони ташкил этилгани бўлди.

Аукционга ўқувчиларнинг меҳр ва маҳорат билан яратган рассомлик асарлари, амалий санъат намуналари ҳамда қўл меҳнати маҳсулотлари қўйилди. Ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан ушбу ижодий ишлар харид қилиниб, муаллифларнинг меҳнати амалда эътироф этилди.
Бу ташаббус ёш ижодкорлар учун нафақат моддий кўмак, балки катта маънавий рағбат ҳамдир. Чунки улар яратган асарларнинг харид қилиниши, ижод маҳсулига қизиқиш билдирилиши ҳар бир ўқувчида ўз қобилиятига ишончни мустаҳкамлайди, янги ғоялар устида ишлаш ва янада юксак натижаларга эришишга ундайди.
— Ёшларнинг нафақат назм ва наср, балки тасвирий санъат йўналишида ҳам ижод қилиши қувонарли. Бундай машғулотлар уларнинг дунёқарашини бойитади, қобилиятини намоён этиш ва янги қирраларини кашф қилиш имконини беради. Энг муҳими, ёш истеъдодлар меҳнатларининг эътироф этилиши уларга янада катта илҳом бағишлайди, — дейди Ҳафиза Шойзақова.

Таъкидлаш жоизки, санъат ва ҳунармандчилик ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бирга, уларда меҳнатсеварлик, сабр-тоқат, эстетик дид, ташаббускорлик ва яратувчанлик каби фазилатларни шакллантиради. Шу боис ёш ижодкорлар учун бундай имкониятларни кенгайтириш, уларнинг ишларини тарғиб қилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур тадбир ҳам ёшларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш, миллий амалий санъат анъаналарини давом эттириш ва истеъдод эгаларини рағбатлантириш йўлидаги амалий ташаббуслардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири