Бугун пойтахтимиздаги “САЕХ UZBEKISTAN” халқаро кўргазма марказида Тошкент халқаро инвестиция форумининг иккинчи кунги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Форум доирасида энергетика, тўқимачилик, агросаноат, туризм, логистика ва бошқа муҳим соҳаларда тематик сессиялар, мастер-класслар ҳамда панель муҳокамалар ташкил этилди. Иштирокчилар Ўзбекистон иқтисодиётидаги ислоҳотлар, инвестициявий муҳит ва янги лойиҳалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Иккинчи кунги тадбирларда ҳам мазкур йўналишлар бўйича фаол муҳокамалар, тақдимотлар ва стенд намойишлари давом этмоқда. Улар орасида маҳаллий ишлаб чиқарувчи – “Идеал” компанияси ҳам фаол иштирок этмоқда.
– Корхонамиз 1995 йилда фаолиятини бошлаган, – дея таъкидлайди “Идеал” компанияси директори Муҳаммаджон Қодиров. – Бренд сифатида эса 2000 йилда тасдиқланган. Эркаклар кийими ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимизда етакчи корхоналардан бири саналамиз. Таркибимизда бешта фабрика бор: бири костюм-шим, бошқаси кўйлак каби маҳсулотларга ихтисослашган.
Корхона нафақат эркаклар кийимлари, балки ишчи формалари, ҳарбий кийимлар ҳамда махсус буюртма асосида Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги учун хизмат кийимларини ишлаб чиқармоқда. Айни пайтда корхона ҳар куни 800 тагача костюм-шим, 1500 та кўйлак ва шим, 600 га яқин куртка ишлаб чиқариш қувватига эга.
Маҳсулотлар Россия, Туркия ва Германия каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Бизнинг асосий ютуғимиз Президентимизнинг ишончига сазовор бўлиб, давлат миқёсидаги лойиҳаларда иштирок этаётганимиздир. Бу бизга янги мақсадлар қўйиш имконини беради. Айни вақтда матони Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Бу синтетик хомашё асосида тайёрланадиган мато ишлаб чиқариш фабрикаси бўлади.
Компания ёшларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорликда дуал таълим тизими йўлга қўйилган бўлиб, талабалар уч кун назарий билим олиб, уч кун амалиётни корхонада ўтайдилар.
Шу билан бирга, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси корхона фаолиятини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, кўргазмаларда иштирок этиш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда кўмак кўрсатилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QkTG6yRV6vM" title="Milliy iqtisodiyot salohiyati – xorijiy investorlar e’tiborida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА