Сўз – экспертларга
Сўнгги йилларда диёримиз жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида очиқ, қулай инвестиция муҳитига эга, иқтисодий ислоҳотлар йўлида дадил одимлаётган давлат сифатида намоён бўлмоқда. Мазкур жараённинг яққол ифодаси сифатида анъанавий Тошкент халқаро инвестиция форумининг нуфузи тобора ортмоқда.
Бу галги анжуман нафақат иқтисодий салоҳиятимизни намоён этиш, балки халқаро сармоядорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, стратегик лойиҳаларни муҳокама қилиш, янги сармоявий йўналишларни белгилаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда жами 8 000 делегат, жумладан 100 га яқин давлатдан 3 000 га яқин хорижий меҳмон иштироки кутиляпти.
ЎзА мухбири мазкур муҳим воқеа олдидан хорижий экспертлар фикрини ёзиб олди.
Игорь Шестаков, Қирғиз Республикасидаги “Ой Ордо” экспертлар ташаббуси маркази раҳбари:

– Тошкент халқаро инвестиция форуми Марказий Осиё минтақасига йирик хорижий инвестиция ва замонавий технология жалб қилиш учун янги майдон сифатида намоён бўлмоқда.
Аввалги форумлар кўрсатдики, асосий мақсад минтақамизга Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларининг жадал ривожланаётган бозорига интеграциялашувдан манфаатдор йирик хорижий инвестициявий, молиявий-иқтисодий ташкилотлар ва компаниялар раҳбарларини жалб қилишдир.
Форум доирасида иқтисодиётнинг нефть-кимё, электроника, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш билан боғлиқ стратегик йўналишларни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинади.
Аввалги йиллар ҳам, аввало, Ўзбекистон мисолида минтақамиз саноатининг юксак салоҳиятини намойиш этган. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган изчил иқтисодий ўзгаришлар йирик хорижий инвесторларда катта ишонч уйғотмоқда. Тошкент форумлари етакчи халқаро компанияларнинг ўзаро манфаатли лойиҳаларга сармоя киритишдан манфаатдорлигини намойиш этди.
Ўйлайманки, бу галги форум ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқининг 2025 йил бўлиб ўтган саммитлари доирасида эришилган келишувларнинг амалий давоми бўлади. Ўзбекистон иқтисодий ўсиш ва саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш бўйича етакчи ўринни эгаллаб келаётган МДҲ доирасида қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширишини ҳам кутиш мумкин.
Форум Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича интеграцияни янада кучайтириш борасидаги самарали сиёсатини ҳам намойиш этади. Шубҳасиз, сўнгги йилларда айнан Ўзбекистон минтақавий интеграция жараёни етакчисига айланди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори муттасил ўсиб бораётгани ҳам шундан далолат. Ўтган йил ушбу кўрсаткич 846,4 долларни ташкил этди. Қўшма Тараққиёт жамғармаси ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим кўмакчи ҳисобланади.
Ўйлайманки, Тошкент форуми минтақамиз учун муҳим янги инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришга кўмаклашади.
Амина Хон, Покистон Стратегик тадқиқотлар институти (ISSI) ҳузуридаги Афғонистон, Яқин Шарқ ва Африка (CАМЕА) маркази директори:

– Ўзбекистоннинг энг муҳим халқаро иқтисодий форуми юртингизни Марказий Осиёдаги динамик сармоявий йўналиш сифатидаги мавқеини оширишда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бу мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ва унинг иқтисодиётини диверсификация қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва жаҳон бозорларига чуқурроқ интеграциялашувга қаратилган саъй-ҳаракатларга мос келади. Форум минтақавий ҳамкорликни муҳокама қилиш учун майдон вазифасини ҳам ўтайди.
Анжуман нафақат сармояга, балки минтақавий интеграцияга ҳам эътибор қаратиш учун глобал сармоядорлар, сиёсатчилар, саноат раҳбарлари ва ривожланиш бўйича экспертлар каби мутахассисларни жалб қилиш учун кенг асосли ва хилма-хилдир.
У нафақат Ўзбекистондаги сармоявий имкониятларни намойиш этиш, балки мамлакатнинг очиқлик, шаффофлик ва барқарор иқтисодий ривожланишга содиқлигини таъкидлаш учун мўлжалланган.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотлар дастурига мувофиқ ташкил этилган мазкур форумда хом ашёга боғлиқликни камайтириш, саноатни модернизация қилиш, инновацияни рағбатлантириш, иқтисодиётни бошқаришда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш каби кенг мақсадлар ифодасини топган. Тақдим этилган асосий тармоқларга энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, рақамли технологиялар, “яшил” иқтисодиёт ва туризм киради.
Ўзбекистон ўзининг модернизация йўлида давом этар экан, иқтисодий форум тараққиётнинг ҳам кўзгуси, ҳам ҳаракатлантирувчиси сифатида амалга оширилган ислоҳотларни акс эттиради ва жараённи тезлаштиради.
Халқаро иштирокчилар сони ортиб бораётгани ва сезиларли натижалари билан форум Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги имижини юксалтиришга ёрдам беради: денгизга чиқиш имкони йўқ давлатдан Марказий Осиёдаги қуруқлик билан боғланган имкониятлар марказигача.
Чжан Хе, Хитойнинг “China Global Television Network” – CGTN давлат телерадиокомпанияси ижрочи продюсери:

– IV Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш ва глобал сармоя оқимини мамлакат иқтисодиётига жалб қилишда муҳим босқич бўлади, деб ўйлайман.
Биламизки, сўнгги йилларда мамлакатингизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар – солиқ тизими соддалаштирилиши, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва ташқи савдо режими эркинлашуви инвесторлар учун янада қулай шароит яратди. Бу жараён барқарор давом этиши, хорижий сармоядорлар ишончи мустаҳкамланишида ҳал қилувчи омилдир.
Ўлкангизда саноат, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва туризм каби соҳаларда улкан салоҳият мавжуд. Форум давомида айнан шу тармоқларга бағишланган сессиялар орқали янги лойиҳалар тақдим этилиши кутиляпти. Бу инвестицияни диверсификация қилиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади.
Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги, шунингдек Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва ШҲТ доирасидаги бошқа долзарб ташаббусларнинг муҳим иштирокчисидир. Ушбу платформалар “яшил” ҳамкорлик бўйича мулоқот учун муҳим имконият тақдим этади.
Таъкидлаш лозим, “яшил” энергетика Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишига айланди. Яқинда бўлиб ўтган “Марказий Осиё экспедицияси” медиа-турида икки давлат ўртасида “яшил” ҳамкорлик муваффақиятли амалга оширилаётганини кузатдим.
Бухоро вилоятидаги шамол электр станцияси Марказий Осиёдаги энг йирик шундай иншоот бўлиб, тижорий фаолиятни бошлади. Ўзбекистон миллий тармоғига тўлиқ интеграциялашган лойиҳа йилига уч тераватт-соат тоза энергия ишлаб чиқариши кутиляпти. Бунинг натижасида CО2 чиқиндичси 1,6 миллион тонна камаяди. Ҳукумат 2030 йилга бориб умумий энергия истеъмолида қайта тикланадиган манбалар улушини 50 фоизга етказиш мақсадини эълон қилган.
Ўзбекистоннинг яшил ўсиш стратегиясида электромобилларни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Жиззах вилоятидаги BYD заводининг электромобиль ишлаб чиқариш бўйича дастлабки йиллик қуввати 50 минг дона. Ҳукумат тақдим этган турли имтиёзлар туфайли республикада электромобиль савдоси кўрсаткичи кескин кўтарилди ва мамлакат айни йўналиш бўйича Марказий Осиё пешқадамига айланди.
Умуман, Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотларига баҳо берадиган майдон – IV Тошкент халқаро инвестиция форуми янги ҳамкорлар, лойиҳа ва стратегик йўналишлар учун сезиларли туртки беради.
Мазкур нуфузли форумни CNN, BBC, “Euronews”, “Reuters”, “Al Jazeera”, CGTN каби дунёнинг етакчи ОАВ 130 дан зиёд вакили бевосита ёритиб боради.
Ўткир Алимов тайёрлади.
ЎзА