Микрокредитбанк: 2025 йилда 345 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланди
Миллий матбуот марказида Микрокредитбанк томонидан “Аҳоли бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва 2026 йилги режалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Банкнинг асосий мақсади кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, айниқса қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни камайтиришдан иборат.
Ўтган йилда банкнинг 92 та ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган 1 минг 62 та маҳаллада 320 та “Маҳалла банкири” ва уларга ёрдамчи агентлар фаолият юритди. Ёрдамчи агентлардан 532 нафари аёл, 530 нафари эркакдан иборат.
2025 йилда банк томонидан 10,2 триллион сўм кредитлар ажратилди, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесга 7,9 триллион сўм, турли дастурлар доирасида 4,2 триллион сўм кредит тақдим қилинди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, 345 минг 895 нафар аҳолига иш билан таъминлашда ёрдам берилган. Шунингдек, 122 минг 66 нафари доимий ишга жойлаштирилди ва 223 минг 829 нафари тадбиркорликка жалб қилинди.
Қолаверса, 47 минг 975 та микролойиҳага 905,1 миллиард сўм кредит ажратилиб, натижада 98 минг 305 та янги иш ўрни яратилди. Кам даромадли 11 минг 142 та хонадон 318 миллиард сўмлик лойиҳа пакетлари билан қўллаб-қувватланди, бу эса 16 минг 704 нафар аҳоли бандлигини таъминлади.
“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили доирасида 5 минг 210 нафар аҳолига ижарага берилган ва 1 минг 747 гектар ер майдонида 159 та намунали лойиҳалар амалга оширилди. 34 минг 764 тонна маҳсулот етиштирилди. Шунингдек, 2 минг 195 тоннаси экспорт қилинди ва умумий даромад 211,3 миллиард сўмни ташкил қилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 181 та ҳудудий бўлинма раҳбарлари ва ёрдамчи агентлар 412 та оиланинг даромадини яхшилаб, ижтимоий реестрдан чиқарди. Шунингдек, маҳаллаларда 26,6 мингта пластик карта берилди, 131 нафар аҳолидан 27,8 миллиард сўм омонат қабул қилинди ва 2 минг 704 нафарга 822,3 миллиард сўм кредит ажратилди.
Жорий йилнинг январь – март ойларида ижро бўйича 1,7 триллион сўм кредит ажратилди, шу жумладан кичик ва ўрта бизнесга 1,2 триллион сўм, дастурлар доирасида 557,1 миллиард сўм ажратилган. Аҳоли бандлиги борасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилди. Жумладан, 16 минг 719 нафар, шундан 3 минг 724 нафари доимий ишга, 12 минг 995 нафари тадбиркорликка жалб қилинди. Ёшлар учун “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 362 та намунали лойиҳа амалга оширилиши учун агрегаторларга 5,85 миллиард сўм кредит ажратилди.
[gallery-28368]
Ушбу лойиҳалар нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни камайтириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади, балки қишлоқ жойларда иқтисодий фаолликни янада ривожлантиришга ҳам кўмаклашади.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА