MICE туризми бўйича янги халқаро ҳамкорликлар
Ўзбекистон делегацияси вакиллари Германиянинг Франкфурт шаҳрида ўтказилаётган IMEX 2026 — дунёдаги энг йирик ва нуфузли бизнес (MICE) туризм кўргазмасида фаол иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро майдонда 150 дан ортиқ давлатдан минглаб иштирокчилар жам бўлган.

IMEX кўргазмаси ҳар йили халқаро компаниялар, туризм ташкилотлари, меҳмонхона тармоқлари ва йирик тадбир ташкилотчиларини бирлаштириб, бизнес туризми, конференциялар, корпоратив учрашувлар ҳамда халқаро форумлар соҳасида янги ҳамкорликларни шакллантириш учун муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Кўргазма доирасида Туризм қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти кенг тарғиб қилинмоқда. Миллий стендда “Silk Road Samarkand”, CAEx, “Asialuxe Travel”, “El Mundo”, “Tour Link” ҳамда Конвенциялар бюроси каби йирик ташкилотлар иштирок этиб, хорижий ҳамкорлар билан янги бизнес алоқаларини ўрнатиш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Тадбир давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг MICE туризми йўналишидаги имкониятлари, замонавий инфратузилмаси, йирик халқаро форум ва тадбирларни юқори даражада ташкил этиш салоҳияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ICCA халқаро ташкилоти раҳбарияти вакили Сентҳил Гопинат бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро бизнес тадбирларини Ўзбекистонда ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мутахассислар фикрича, IMEX 2026 каби нуфузли кўргазмаларда Ўзбекистоннинг фаол иштироки мамлакатнинг халқаро MICE туризм бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА