Юртимизда 8 январь прокуратура органлари ходимлари куни сифатида нишонланади. Ушбу кун арафасида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг айрим туман-шаҳар бўлимларида ходимлар учун янги бино фойдаланишга топширилмоқда.
Жумладан, бугун 7 январь куни Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бўлими янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Бюро директори Х.Кабиржонов, Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари И.Наримов, Шайхонтоҳур туман ҳокими, туман прокурори, ИИБнинг туман бўлими бошлиғи ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

– Бюронинг Шайхонтоҳур туманидаги ушбу бино аҳоли ва ходимларимиз учун барча қулайликларга эга, ходимларимиз янги куч, янгича ғайрат билан хизмат қилиши лозим, – деди Бюро директори Ҳасан Кабиржонов.
Тадбирда иштирок этган маҳалла ва жамоатчилик вакиллари ҳам илиқ тилаклар билдириб, замон талабларига мос янги бинода халқимизга самарали хизмат кўрсатилишидан мамнунлигини билдирди.
ЎзА