МИБ: жабрланувчига салкам 287 миллион сўм қайтарилди
Айрим ҳолларда инсоннинг ишончи энг қимматли бойликка айланади. Афсуски, ана шу билдирилган ишончни суиистеъмол қилиш орқали катта миқдордаги маблағларни қўлга киритишга уринаётганлар ҳам учраб туради. Бироқ қонун устуворлиги таъминланган жойда бундай қилмишлар жазосиз қолмайди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасининг Чуст тумани бўлими томонидан суд ҳужжати ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздор И.М. дан ундирувчи З.Б. фойдасига салкам 287 миллион сўм тўлиқ ундириб берилди.
Аниқланишича, қарздор фуқаро чет элдаги мебель ишлаб чиқариш цехларидан бирида ўзи билан бирга меҳнат қилган, шаръий никоҳидаги аёлнинг ишончига кириб, турли ваъдалар орқали ундан катта миқдордаги маблағни олган. Кейинчалик эса, ушбу маблағни қайтариш мажбуриятини бажармаган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд томонидан фирибгарлик оқибатида келиб чиққан қарздорликни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Бюронинг туман бўлими давлат ижрочилари қонун доирасида бажарган ижро ҳаракатлари натижасида суд қарори тўлиқ ижро этилиб, жабрланувчи фуқаронинг мулкий ҳуқуқлари тикланди ва унга салкам 287 миллион сўм қайтариб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.