МИБ: келиннинг мулклари қайтарилди
Ҳозирда ёш оилаларнинг бахт тўйига қизнинг қариндошлари томонидан тўёна деб кўплаб мол-мулк бериш одат тусига айланган. Лекин ёшлар орасида ажримлар ҳам кузатилаётган бўлиб, куёв томон, қизга қўшиб берилган мол-мулкларни қайтармай қолган ҳолатлари ҳам йўқ эмас.
Бундай ҳолатда келиннинг мулкларини қайтариш масаласи суд тартибида ҳал этилиб, Бюро органлари томонидан олиб берилмоқда. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2026 йил 13 мартдаги ижро ҳужжатига асосан даъвогар А.Ш.га жавобгар Х.З.дан унинг яшаш манзилида турган 71 атамадаги сеп мол-мулкини олиб бериш белгиланган.
Бу бўйича Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлими ходимлари томонидан ижро ҳаракатига киришилди. Хусусан, бўлим ходимлари томонидан жавобгарнинг яшаш манзилига борилиб, кўрсатилган қаршиликларга қарамасдан сеп мол-мулклар даъвогар А.Ш.га олиб берилди ва суд қарори ижроси амалда таъминланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.