Зиммасидаги мавжуд қарзлар, кредитларни вақтида тўлаш – нафақат бурч, балки қарздорнинг кейинчалик боши берк кўчага кириб қолмаслиги кафолати ҳамдир. Аммо бундан кўз юмишни афзал биладиганлар орамизда йўқ эмас.
Мажбурий ижро бюроси (МИБ) нинг Сергели тумани бўлими иш юритувига Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг ижро варақасига асосан, қарздор “D.T.” масъулияти чекланган жамиятидан "Q.I.T." масъулияти чекланган жамияти фойдасига 5 миллиард сўм қарз суммаларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Қарздор корхонага ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор юборилган бўлиб, қонун талаблари асосида қарз суммалари ундирувчи корхона фойдасига қопланиши учун ихтиёрий муддат берилган. Бироқ, қарздор белгиланган муддатда қарзларини қопламаган.
Шундан сўнг, бюронинг туман бўлими давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган. Қарздор корхонага тегишли бўлган автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинган ҳамда кўчмас мол-мулкларга тақиқ қўйилган.
Жумладан, қарздор масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган Тошкент шаҳридаги “Қурувчи” даҳасида жойлашган нотурар бино хатланган ҳамда 26 миллиард сўмга баҳоланган. Шу билан бирга, қарздор корхонанинг “Toyota Prado” русумли автотранспорт воситаси хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.
Айтиб ўтиш керакки, МИБ томонидан суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича ижро ҳаракатларини вақтида таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда соҳа замонавийлаштирилиб, “MIB Portal” электрон дастурий тизими ишга туширилди. Ҳозирда ушбу электрон дастур қирққа яқин идора ва ташкилот ахборот тизимларига интеграция қилинган.
МИБ органлари ташкил топгандан буён 219 триллион сўмдан ортиқ ундирувлар амалга оширилди. Шундан давлат фойдасига 95 триллион сўмга яқин маблағ ундирилди.
Тадбиркорлик субъектлари фойдасига 67 триллион сўм, фуқаролар манфаатларига 11,3 триллион сўм маблағ ундирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА