Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБ: қарздорларнинг 2 триллион сўмликдан зиёд 15 минг 206 автотранспорт воситаси аукционга чиқарилди

Қарздорликни ундириш билан боғлиқ ишларда кўпинча ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилади. Бундай ижро ҳужжатларини таъминлаш жараёнида Мажбурий ижро бюроси (МИБ) органлари ходимлари ихтиёрий тўланмаган қарздорликни қарздорнинг автотранспорт воситаларига қаратмоқда.

МИБ ахборот хизматидан хабар беришларича, 2025 йил давомида 2 триллион 137 миллиард сўмлик 15 минг 206  автотранспорт воситаси аукционга чиқарилган. Шундан 797 миллиард сўмлик 5 минг 746 таси электрон онлайн-аукцион савдоларида сотилган.

Мисол учун, бюронинг Яшнобод тумани бўлими иш юритувида қарздор «J.C.R» корхонасидан ундирувчи Тошкент шаҳар солиқ  бошқармаси фойдасига 1,5 миллиард сўм солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати бўйича қарздор ташкилот раҳбарига қарздорликни ихтиёрий тартибда қоплаш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Бироқ корхона берилган имкониятдан фойдаланмаган. Мажбурий ижро чоралари кўрилиб, қарздор корхонага тегишли барча банк ҳисоб рақамлари, кўчмас мулк объектлари ҳамда автотранспорт воситаларига банд солиниб,  қидирув эълон қилинган.  

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли кўчмас мулк ҳамда “Spark” русумли автотранспорт воситаси хатланди. Айни пайтда ушбу мол-мулкларни белгиланган тартибда реализация қилиш ва аукцион савдоларига  чиқариш  чоралари кўрилмоқда. Сотувдан тушган маблағлар тўлиқ равишда мавжуд солиқ қарздорлигини қоплашга йўналтирилади.

Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси алоҳида муҳим ижро ишларини ижро этиш  шўъбаси иш юритувига келиб тушган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор “B.f.c.g.” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи банк фойдасига 2 миллиард сўмга яқин қарздорликни ундириш белгиланган ҳамда ундирув гаровга қўйилган 25 автотранспорт воситасига қаратилган.  

Қонун талабларига мувофиқ, қарздорга қарзни ихтиёрий равишда қоплаш учун муддат берилган. Бироқ белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмагани сабабли мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган.  

Гаров мулк сифатида қайд этилган “Malibu-2”,  “Tracker”, “Nexia-3”  ҳамда  3 та “Cobalt”, 12 та “ Lacett”i, 5 та “Spark”,  2 та  “Lada largus” автотранспорт воситалари қидирувга берилган. Қидирув тадбирлари давомида “Malibu-2”, “Tracker”, “Cobalt” ва “Lacetti” русумли автомашиналар аниқланган. Барчаси белгиланган тартибда хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилган.  

Автотранспорт воситалари аукцион савдосига чиқарилганидан сўнг қарздор томонидан қарийб 1,9 миллиард сўм миқдоридаги қарз тўланди. Маблағ эса ундирувчи фойдасига ўтказилди.

Бошқа бир ҳолатда Мажбурий ижро бюроси қарздор П.С.дан “Ипак йўли” банки фойдасига 359,4 миллион сўм кредит қарздорлигини ундиришда ундирувни қарздорга тегишли автотранспорт воситасига қаратди. 

Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган “Exeed lx” русумли автомашина рўйхатга олиниб, хатланган.

Белгиланган ихтиёрий муддатларда кредит қарзи тўланмаганлиги сабабли, қиймати 328 миллион сўмни ташкил этувчи автомашина “e-ijro auksion” ягона электрон савдо майдончасида сотиш учун чиқарилди.

Яна бир ҳолатда “Тrastbank xab” акциядорлик жамияти фойдасига қарздор Қ.Ш.дан 230,8 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжати бўйича ундирув қарздорга тегишли гаровдаги “Jetour soueast ” русумли автотранспорт воситасига қаратилди.  

Қарздор томонидан мажбурият бажарилмагани учун ижро ҳаракатлари олиб борилиб, автомашинаси хатланди. Ҳозирда ушбу автомашина  ҳам электрон онлайн-аукционга сотувга қўйилган. Савдодан тушган маблағлар қарзни қоплашга йўналтирилади.

Кўриб турибдики, турли сабаблар билан юзага келган қарздорлик қонуний йўл билан барибир ундирилади. Бошқача айтганда, ҳар бир шахс зиммасидаги мажбуриятни бажаришга мажбур.  

Норгул Абдураимова, ЎзА