Ўзбекистон метрологияси минтақавий етакчилик сари ишончли қадам ташламоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳасини халқаро талаблар асосида тубдан такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг соҳа ривожига қаратилган қарор ва ташаббуслари миллий сифат инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 16 февраль куни қабул қилинган “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон метрология тизимини модернизация қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳужжат миллий маҳсулот ва хизматларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш, ўлчашлар аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда сифат инфратузилмасини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
[gallery-29535]
Мазкур ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон миллий метрология институтида 20 май – Бутунжаҳон метрология куни Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси (БИПБ) раҳбарлари томонидан илгари сурилган “Метрология: муҳим қарорларни қабул қилишда ишончни мустаҳкамлаш” шиори остида кенг нишонланмоқда.
Ушбу сана муносабати билан метрологиянинг сифат, хавфсизлик ва инновацион ривожланишдаги ўрнига бағишланган илмий-амалий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров очиб берди. У ўз нутқида метрологиянинг ишонч, тараққиёт ва сифат кафолати эканини таъкидлаб, замонавий технологиялар ривожи шароитида соҳа аҳамияти тобора ортиб бораётганини қайд этди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик алоқалари сезиларли даражада кенгайди. Латвия, Корея, Хитой, Словакия каби давлатлар, шунингдек USAID, PTB, KOICA, TIKA, ISO, IEC ва SMIIC каби нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Бу эса миллий метрология тизимининг халқаро интеграциясини кучайтирмоқда.
Ҳозирги кунда 7 та янги эталон ва юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини яратиш бўйича ишлар бошланган. Миллий эталонлар базаси кенгайтирилиб, улар сони 42 тага етказилди. Шу билан бирга, қўшимча 19 та эталонни яратиш бўйича техник ишлар давом этмоқда. Илк бор квант метрологиясини йўлга қўйиш бўйича ишлар ҳам бошланган бўлиб, бу соҳа учун янги инновацион босқични англатади.
- 2026 йилда Ўзбекистоннинг Халқаро тарози ва ўлчовлар бюросига (BIPM) тўлақонли аъзо бўлиши кутилмоқда, - дейди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Лазизбек Саидорипов. - Бу миллий ўлчаш тизимининг халқаро миқёсда тан олинишида муҳим қадам бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон вакили — Ўзбекистон миллий метрология институти директори COOMET президенти лавозимига сайлангани мамлакатнинг халқаро нуфузи ошганини кўрсатади. Ўзбекистон 2025 йил июнь ойидан Европа миллий метрология институтлари уюшмаси (EURAMET)нинг Марказий Осиёдаги ягона Liaison Organisation мақомини олди.
Сўнгги йилларда метрология йўналиши 72-ўриндан 60-ўринга кўтарилди. 4 минг 331 та ISO, IEC ва EN стандартлари жорий этилди. 20 та миллий стандарт ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий метрология хабини шакллантириш йўлида изчил ҳаракат қилмоқда. Қўшни давлатларга метрология хизматлари кўрсатишнинг йўлга қўйилиши мамлакатимизнинг минтақавий етакчи марказга айланаётганини яққол намоён этмоқда.
Бу эса миллий ўлчаш натижаларининг халқаро даражада тан олиниши, экспорт салоҳиятининг ошиши ва инвесторлар ишончининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Тадбир доирасида илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурлари асосида амалга оширилган бирламчи нисбий намлик бирлиги эталонининг очилиш маросими ҳамда “Энг яхши метролог” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон миллий метрология институтининг илмий-технологик ва конструкторлик ишланмалари ҳамда янги лойиҳалари намойиш этилган кўргазма билан танишди.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат)
ЎзА