Ментор-тренерларни тайёрлаш бўйича амалий машғулотлар бошланди
Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари доирасида ментор-тренерларни тайёрлаш бўйича ўтказилаётган уч кунлик тренинг ўз ишини бошлади.
Тадбир очилишида марказ директори Гулистан Кожабаева тренингнинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, 2026–2027 ўқув йилида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларини самарали ташкил этишда ментор-тренерларнинг ўрни ҳақида сўз юритди.
“Ментор-тренерларни тайёрлаш бўйича тренинг” доирасида амалий машғулотлар давом этмоқда. Унда 293 нафар ментор-тренер 2026–2027 ўқув йилида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” машғулотларини самарали ташкил этиш учун замонавий метод ва ёндашувларни ўзлаштирмоқда.

Тренингда замонавий педагогик технологиялар ва методик ёндашувлар, СЕЛ ва UDL тамойиллари, педагогик рефлексия ва баҳолаш, сунъий интеллект ва рақамли воситалардан фойдаланиш, PISA, PIRLS ва TIMSS дастурларини фан мазмунига интеграция қилиш йўналишлари ўрганилмоқда.

Фанлар кесимида эса рақамли ва виртуал лабораториялар, PBL, халқаро баҳолаш дастурлари, коммуникатив ва тил компетенцияларини ривожлантириш каби амалий мавзулар қамраб олинган. Тренингнинг асосий вазифаси замонавий методик ечимларни амалиётга самарали жорий эта оладиган ментор-тренерларни тайёрлашдир.
Шу орқали иштирокчиларда “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” машғулотларини сифатли ташкил этиш ҳамда педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун зарур компетенциялар шакллантирилмоқда.
Тренинг 30-сентябрь кунигача давом этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири