Аввал ўрганишади, кейин ўргатишади
Самарқанд шаҳрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлашга қаратилган миллий тренерлар ва тренер-менторлар учун минтақавий тренинг бошланди.
Унда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида фаолият юритаётган 30 нафар миллий тренер ва тренер-ментор иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Йўлдошев, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим бўйича раҳбари Алберто Бианcоли сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг натижаларига алоҳида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, соҳани янада ривожлантириш, таълим-тарбия сифатини ошириш ва педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришда тизим ходимларининг масъулияти муҳим эканини таъкидлаб, бунда тренинг давомида ўзлаштириладиган замонавий педагогик ёндашувларнинг таълим ривожидаги ўрнига эътибор қаратишди.
– Тренингнинг асосий мақсади ҳудудларда фаолият олиб бораётган менторларнинг касбий компетенцияларини янада ривожлантириш, уларнинг педагогларга самарали методик кўмак кўрсатиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда менторлик жараёнини сифатли ташкил этишга хизмат қиладиган ягона ёндашувларни шакллантиришдан иборат, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Гулбаҳор Парпиева. – Минтақавий тренингда Самарқанддан 18 нафар, Қашқадарё вилоятидан 12 нафар ментор-ўқитувчи иштирок этмоқда. Уларни бугунги кун талабига мос замонавий ёндашувлар асосида ўқитиш орқали жойларда таълим сифатини ошириш кўзда тутилган. Ёш авлодга XXI аср талабларига мос таълим-тарбия бериш учун педагогларимиз ушбу талабларга жавоб бериши керак.
[gallery-31327]
Бунгача Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган ментор-ўқитувчилар учун тренинг ташкил этилди. Улар тўплаган тажрибалари, замонавий билимларини бугунги кунда ўз ҳудудларида каскад усулида ўқитувчиларга етказишда. Бугунги тренинг иштирокчилари ҳам ўқув давомида эгаллаган билимларини жойларда педагогларга батафсил етказиб, жойларда замон талабига мос таълим жараёнларини ташкил этишга ҳисса қўшади.
Тренингда назарий билимлар билан бир қаторда амалий топшириқлар, вазиятли машқлар ва реал менторлик жараёнларига яқин сценарийлар асосида ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад педагогларнинг бугунги ҳозиржавоб авлодга муносиб ўқитувчи қилиб тайёрлашдан иборат.
Уч кунлик тренингнинг ҳар бир куни учун алоҳида дастур белгиланган бўлиб, ментор-ўқитувчи назоратчи эмас, балки педагогларимизнинг яқин кўмакчиси бўлиши кераклиги аниқ мисоллар, амалий машғулотлар давомида тушунтирилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари