“Меҳрли хонадон” оилаларга қувонч улашмоқда
Навоий вилояти “Нурли йўл” аёллар ва ёшлар маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фони томонидан молиялаштирилган “Меҳрли хонадон” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Зарафшон шаҳридаги Алишер Навоий, Кончилар ва Геолог маҳаллаларида истиқомат қилувчи тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ижтимоий-маиший шароити, оилавий муаммолари ва мавжуд эҳтиёжлари чуқур ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида уй-жой шароити оғир, таъмирлашга муҳтож бўлган 3 нафар аёлнинг хонадони манзилли ёрдам кўрсатиш учун танлаб олинди.

Айни вақтда мазкур хонадонларда кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, уйлар тўлиқ янгиланмоқда.
– Хонадонларнинг томи, деворлари, пол қисми, эшик ва деразалари таъмирланиб, зарур жойларда янгиларига алмаштирилмоқда. Электр ва санитария шароитлари яхшиланмоқда, – дейди марказ раҳбари Матлуба Ҳамроева. – Энг муҳими, уйларни шунчаки таъмирлаш билан чекланиб қолмасдан, уларга яшаш учун зарур бўлган қулайлик ва шинамлик ҳам олиб кирилмоқда. Хонадонларга янги эшик-деразалар ўрнатилиб, пардалар, гиламлар ҳамда зарур уй-рўзғор буюмлари билан жиҳозланмоқда. Ҳар бир деталь, ҳар бир жиҳоз аёллар ва уларнинг фарзандлари учун озода, шинам, хавфсиз ва муносиб яшаш муҳитини яратиш мақсадида танланмоқда.

Лойиҳа доирасида аёлларга ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар бериш, уларнинг ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири