Ўрмонларни қайта тиклаш лойиҳалари давлат-хусусий шериклик асосида қўллаб-қувватланмоқда
Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ҳамда ўрмонзорлар майдонини кенгайтириш бугунги кунда нафақат экологик, балки муҳим иқтисодий аҳамият ҳам касб этмоқда. Хусусан, углерод бозорини ривожлантириш орқали табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаларига хусусий инвестицияларни жалб этиш учун кенг имкониятлар очилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2026 йил якунига қадар Оролбўйи минтақасидаги 50 минг гектар майдонни қамраб олувчи ўрмон углерод бирликлари дастурини ишга тушириш вазифаси белгиланган.
Ушбу йўналишдаги истиқболли ташаббуслар БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида Ўзбекистон миллий павильонида ташкил этилган тадбирда атрофлича муҳокама қилинди. “Ўзбекистонда ўрмон барпо этиш ва ландшафтларни тиклаш кўламини кенгайтириш: юқори экологик яхлитликка эга углерод бозорлари, иқлимий молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик” мавзусидаги мулоқотда ерларни қайта тиклаш, углеродли молиялаштириш механизмларини жорий этиш ҳамда бу жараёнга хусусий сектор сармояларини жалб қилиш масалаларига урғу берилди.
Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссиянинг Илмий-ахборот маркази директори Улуғбек Муродов сўзга чиқиб, углерод бозорлари иқлим лойиҳаларини молиялаштиришда тобора муҳим воситага айланиб бораётганини таъкидлади.
Давлат-хусусий шерикликнинг амалий намунаси сифатида “Acta Climate Solutions” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган лойиҳа тақдим этилди. Унга кўра, таназзулга учраган қарийб 50 минг гектар ўрмон фонди ерларида янги дарахтзорлар барпо этиш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида ҳудудларни илмий асосда танлаш, маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос дарахт турларини экиш, жараёнга маҳаллий ўрмон хўжаликларини кенг жалб қилиш, рақамли мониторинг тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу лойиҳа орқали қарийб 158 миллион доллар миқдорида хусусий сармоя жалб этилиши кутилмоқда. Шунингдек, келгуси 49 йил давомида CO₂ эквивалентида тахминан 12 миллион тонна углерод бирликлари ҳосил қилиниши прогноз қилинган.
Албатта, бундай ташаббусларнинг самарадорлиги нафақат молиявий кўрсаткичлар, балки эришилган реал экологик натижалар билан ҳам ўлчанади. Шу боис ўрмонларни тиклашда маҳаллий экотизим хусусиятларини инобатга олиш, кўчатларнинг яшовчанлигини таъминлаш ҳамда углерод сингдирилишини халқаро стандартлар асосида назорат қилиш долзарб аҳамиятга эга.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА