Суюлтирилган газ таъминоти: рақамли назорат ва хавфсизлик устувор
Куз-қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва таъминот жараёнида қонунийликни таъминлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Айниқса, табиий газ тармоқлари етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун суюлтирилган газнинг ўз вақтида етказиб берилиши кундалик турмуш барқарорлигида муҳим ўрин тутади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, энергия ресурслари таъминотида узлуксизлик ва шаффофликни таъминлаш, соҳани рақамлаштириш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Бухоро вилоятида ҳам суюлтирилган газ таъминотини такомиллаштириш, маҳсулотнинг газ тўлдириш шохобчасидан истеъмолчи хонадонигача бўлган ҳаракатини назорат қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти таъсисчилигида ташкил этилган “LPG-TREYD” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ҳамкорлигида вилоятдаги газ тўлдириш шохобчаларида хавфсизлик ва назорат чоралари кучайтирилган.
Ҳамкорликдаги тадбирлардан кўзланган асосий мақсад куз-қиш мавсумида аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондириш, таъминотда юзага келиши мумкин бўлган узилишларнинг олдини олиш, ажратилган ёқилғи маҳсулотларининг мақсадли тақсимланиши ва сақланишини таъминлашдан иборат.

Таъминот жараёнининг дастлабки босқичи — газ тўлдириш шохобчаларида маҳсулотни белгиланган талаблар асосида баллонларга тўлдириш, ҳисобга олиш ва махсус транспорт воситаларига юклаш ишлари амалга оширилади. Бу ерда Қўриқлаш хизмати ходимлари моддий бойликлар бутлигини сақлаш, рухсатсиз кириш ҳолатлари ва эҳтимолий талон-тарожликларнинг олдини олиш, объектларда хавфсизликни таъминлаш вазифаларини бажармоқда.
Газ баллонлари махсус транспорт воситаларига юкланганидан кейин эса уларни белгиланган манзилларга ўз вақтида ва хавфсиз етказиш жараёни бошланади. Бу босқичда ҳам назорат механизмлари изчил ишламоқда. Жумладан, транспорт воситаларининг ҳаракати GPS тизими орқали кузатиб борилмоқда. Газ таъминоти филиалида ташкил этилган штабларнинг мониторинг марказлари ҳамда ички ишлар органларининг бошқарув марказлари кузатув камералари ва бодикамералар орқали жараённи икки томонлама назорат қилмоқда.
Таъминотда шаффофликни таъминлаш ва газ баллонларини истеъмолчиларга адолатли тақсимлашда рақамли технологиялар имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда. Хусусан, газ баллонларини тарқатишда Face ID тизими жорий этилган. Ушбу механизм орқали истеъмолчининг шахси аниқланиб, маҳсулотнинг айнан белгиланган фуқарога топширилиши электрон тарзда қайд этилади. Бу эса газ баллонларининг мақсадсиз тарқатилиши, такрорий ҳисобга олиниши ва тақсимотдаги эҳтимолий қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Айни пайтда масъуллар таъминот жараёнини мунтазам мониторинг қилиш, эҳтимолий узилишларни олдиндан аниқлаш ва юзага келган камчиликларга тезкор чора кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки газ таъминотидаги ҳар қандай узилиш, айниқса, қиш мавсумида аҳоли турмушига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис маҳсулотни тўлдиришдан тортиб, уни энг олис ҳудуддаги хонадонга етказишгача бўлган барча босқичларда масъулият ва назорат бирдек муҳимдир.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда суюлтирилган газ таъминоти фақат маҳсулотни етказиб бериш жараёни сифатида эмас, балки хавфсизлик, ҳисобдорлик, рақамли назорат ва истеъмолчи манфаатларини уйғунлаштирган ягона тизим сифатида ташкил этилмоқда.
Зеро, ҳар бир газ баллони ортида бир оиланинг кундалик эҳтиёжи, ҳар бир назорат чораси замирида эса аҳоли фаровонлиги ва хавфсизлиги мужассам. Таъминотнинг барча босқичларида қонунийлик, шаффофлик ва ҳамкорликни таъминлаш эса куз-қиш мавсумини барқарор ўтказишнинг муҳим кафолатидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири