Меҳр ва ғамхўрлик манзили(+видео)
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва инсон қадрини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада жойларда фаолият юритаётган Инсон ижтимоий хизматлар марказлари аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишда муҳим ўрин тутмоқда.
Ана шундай муассасалардан бири пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани Инсон ижтимоий хизматлар марказидир.
Марказ ўз фаолияти давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, ёлғизлар, кам таъминланган оилалар ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган инсонларга яқин кўмакчи бўлиб келмоқда.
Марказ томонидан аҳолининг мурожаатлари асосида манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилади. Айниқса, “Инсон учун” тамойили асосида фуқароларнинг дардини эшитиш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, Марказда ижтимоий ходимлар томонидан уйма-уй юриш орқали эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга психологик, ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш чоралари амалга оширилмоқда. Бу эса аҳоли орасида меҳр-оқибат ва ижтимоий адолат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари замонавий ёндашувларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Рақамли тизимлар орқали мурожаатларни тезкор қабул қилиш, ижтимоий хизматларни шаффоф ташкил этиш ва аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш ишлари йўлга қўйилган.
Энг муҳими, Шайхонтоҳур тумани Инсон ижтимоий хизматлар маркази фақатгина ёрдам кўрсатувчи муассаса эмас, балки инсон қалбига умид ва ишонч бағишлайдиган масканга айланиб бормоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/3OLCxe8PTyY?si=RhsHf7uBzwyrRm08" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева,
ЎзА