«Ғамхўрлик» – меҳр ва эътибор маскани
Сирдарё туманида ижтимоий кўмак ва доимий парваришга муҳтож фуқаролар учун «Ғамхўрлик» маркази фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда муассасага 10 нафар парваришланувчи жойлаштирилган. Марказда уларнинг муносиб ҳаёт кечириши, саломатлигини асраш, кундалик эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда руҳий қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратилган.
Аҳамиятли томони, бу ерда ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжи ва ҳолатидан келиб чиқиб, тиббий-ижтимоий ҳамда руҳий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади.

Марказнинг очилишига бағишланган тадбирида Сирдарё тумани ҳокими Азизбек Турдимуродов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Қувончбек Ҳамдамов, нуронийлар ва маҳалла фаоллари иштирок этди. Меҳмонлар муассасада яратилган шароитлар билан танишиб, парваришланувчилар учун ташкил этилган имкониятларни кўздан кечирди.

Тадбирда инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга индивидуал ёндашиш, уларнинг саломатлиги ва руҳий ҳолатига эътибор қаратиш муҳимлиги қайд этилди.

Бундай марказлар фаолиятининг моҳияти ижтимоий ёрдам кўрсатишдан кўра кенгроқ мазмун касб этади. Улар доимий парваришга муҳтож инсонлар учун самимий муносабат, руҳий қўллаб-қувватлаш ва ўзаро мулоқот имкониятини яратади. Натижада инсон ўзини ёлғиз ҳис этмайди, жамият ҳаётидаги ўрни ва қадрини англайди, унинг эҳтиёжлари ҳамда манфаатлари эътибордан четда қолмаслигига ишонч ҳосил қилади.

Сирдарё туманида янги марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳудудда ижтимоий ҳимоя тизимини кенгайтириш, эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасидаги амалий ишлардан бири бўлди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири