Меҳнат қадри ва инсон манфаатлари эътирофи
Пойтахтимиздаги Касаба уюшмалари саройида 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан тантанали мусиқий концерт бўлиб ўтди.
Унда хорижий давлатлардан ташриф буюрган соҳа вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, нуронийлар, ижодкор ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун зарур шароитлар яратилган. Бугун юртимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири бўлган касаба уюшмалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, Янги Ўзбекистон касаба уюшмалари ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот тамойиллари асосида меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш йўналишларида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Шу билан бирга, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатлари муттасил мустаҳкамланиб, ривожланиб бораётгани соҳадаги муҳим ўзгаришлардан биридир. Хусусан, сўнгги ўн йил давомида ушбу ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилгани меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, ходимлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, касаба уюшмаларининг фаолияти нафақат меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, балки меҳнат жамоаларида соғлом муҳитни шакллантириш, ходимларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу борада ижтимоий шериклик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга.
Мусиқий оқшом давомида Янги Ўзбекистонда инсон манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш, ислоҳотлар, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва юртпарварлик ғояларини тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга байрамона руҳ бағишлаб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
[gallery-32468]
Концерт нафақат касаба уюшмалари ходимлари ва меҳнат аҳли учун байрамона учрашув, балки меҳнат қадри, инсон манфаатлари ва жамиятдаги ҳамжиҳатлик каби қадриятларни яна бир бор ёдга солган маънавий тадбир бўлди.
Н.Усмонова,
О.Мирсоатов (сурат),
ЎзА