Словениянинг бандлик хизмати бош директори ва Дунё давлат бандлик хизматлари ассоциацияси президенти Грета Метка Барбо Шкербинч Бухоро вилояти ҳокими билан учрашди. Мулоқотда меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда Словения меҳнат бозори учун малакали мутахассислар захирасини шакллантириш, давлат бандлик хизматлари кўрсатилишида тажриба алмашиш ва инновацион ёндашувларни ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарининг Словенияга ташрифи чоғида Ўзбекистон Миграция агентлиги раҳбарияти ва Словения Бандлик хизмати ўртасида “Йўл харитаси” имзоланган эди. Ҳужжат Ўзбекистонда Словения стандартлари бўйича касбий ўқитиш дастурларини йўлга қўйишни назарда тутади. Бу Европада талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш имконини беради. Шунга кўра, мулоқотда ишсизларни талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш ва словен касбий стандартларини Ўзбекистон касбий таълим тизимига интеграция қилиш механизмлари ишлаб чиқиш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Томонлар словен иш берувчиларининг буюртмалари асосида малакали мутахассисларни тайёрлаш ва ўқув дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш, рақамлаштириш, ҳисобга олиш ва меҳнат миграцияси мониторингини амалга ошириш соҳасида тажриба алмашишни ўз ичига олган ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.