Ўзбекистон ва Швеция меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Стокгольм шаҳрида Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги меҳнат мобиллиги бўйича пилот ҳамкорлик лойиҳаси доирасида қўшма бошқарув қўмитасининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда икки давлатнинг миграция идоралари, дипломатик ваколатхоналари ҳамда Халқаро миграция ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Швеция меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик фуқароларни ишга жалб этиш мумкин бўлган йўналишлар муҳокама қилинди. Булар қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, туризм соҳаларидаги мавсумий ишлар, пайвандчилик ва айрим қурилиш касблари бўйича малакали мутахассислар, шунингдек, тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва ишга жойлаштириш масалаларидир.
Ўзбекистон томони лойиҳани амалий босқичга олиб чиқиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов 4–5 та устувор касбни белгилаш, Швеция иш берувчиларининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб номзодларни саралаш, уларнинг касбий ва тил тайёргарлигини ташкил этишни таклиф қилди.
Шунингдек, зарур ҳолларда хорижий инструкторларни жалб қилиш ва иш берувчилар иштирокида малака синовларини ўтказиш масаласига эътибор қаратди.
Тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича эса алоҳида ёндашув таклиф этилди. Хусусан, Швециянинг Сёрмланд ҳудуди тажрибаси асосида номзодларни дастлаб швед тилидан В2 даражасигача тайёрлаш, кейинчалик Швецияда қўшимча таълим бериш орқали сертификатлаш учун талаб этиладиган C1 даражасига етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, халқаро миграция ташкилоти вакиллари ҳам лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Йиғилишда Швеция иш берувчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, 2027 йил бошида икки давлат рекрутинг компаниялари учрашувини ташкил этиш ва дастлабки номзодлар гуруҳларини тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА