Меҳнат фахрийлари йўқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Наманган вилояти Уйчи туманида меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиш тадбирлари ўтказилмоқда.
Айни пайтда туманда 16 нафар фронт орти меҳнат фахрийси истиқомат қилади. Байрам арафасида уларнинг хонадонларига ташрифлар уюштирилиб, ҳолидан хабар олинмоқда.
Тадбирларда «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси И.Нажмиддинов, фахрий генерал У.Шамсиев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси, вилоят Кенгаши депутати Т.Исматиллаев, шунингдек, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Шафтоли маҳалласида яшовчи фронт орти меҳнат фахрийси, 106 ёшли Фотима Қўчқорова хонадонига ташриф байрамона руҳда ўтди. У киши 6 нафар фарзандни вояга етказган бўлиб, бугунги кунда бир неча ўнлаб набира ва чеваралар ардоғида.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи, 98 ёшни қарши олган фронт орти меҳнат фахрийси Зулфия Қўчқорова ҳам уруш йилларидаги меҳнат машаққатларини эслаб, юрт тинчлиги учун шукроналик билдирди.
Фахрийларга вилоят ҳокимининг байрам табриги, «Нуроний» жамғармаси томонидан пул мукофоти ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари топширилди.
[gallery-29313]
Тадбир доирасида туман маданият бўлими санъаткорлари ижросида куй-қўшиқлар янгради, мактаб ўқувчилари томонидан бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА