Меҳнат фахрийлари – ҳаёт мактабининг сабоқчилари
Қашқадарёда меҳнат фахрийлари ва нуронийларни эъзозлаш, уларнинг кўп йиллик самарали меҳнатини қадрлаш, ёш авлодни аждодлар хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда Қарши давлат университети тасарруфидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи” ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда узоқ йиллар давлат ва жамоат ишларида фидокорона меҳнат қилган фахрийлар, нуронийлар, қатағон қурбонлари оила аъзолари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Учрашувда меҳнат фахрийларининг жамият тараққиётига қўшган ҳиссаси, уларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида фикрлар билдирилди. Зеро, йиллар давомида орттирилган тажриба авлодлар ўртасидаги маънавий кўприк. Бугунги ёшлар учун фахрийларнинг ҳаёт йўли, меҳнатсеварлиги ва юрт равнақига дахлдорлик туйғуси муҳим тарбия мактаби бўлиб хизмат қилади.
Тадбир давомида қатағон қурбонлари хотираси ҳам ёд этилди. Уларнинг тақдири ва ҳаёти ҳақидаги тарихий хотирани асраш, келажак авлодга етказиш халқнинг ўз ўтмишига бўлган ҳурматининг муҳим ифодасидир.

Самимий мулоқотлар чоғида фахрийлар ўзларининг ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди. Уларга кўрсатилган эътибор ва эҳтиром рамзи сифатида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Бундай учрашувлар нафақат фахрийларга бўлган ҳурматни ифодалайди, балки ёш авлод қалбида меҳнатга садоқат, тарихий хотира ва инсон қадрига эҳтиром каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири