Ҳалол меҳнатнинг заҳматкаш фахрийлари
Ҳаётимизнинг файзу баракаси, ёшларнинг тарбияси, миллий қадриятларимизга тўғри муносабатни шакллантириш, оилалар мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан ёши улуғ, табаррук отахон ва онахонларимизга боғлиқ.
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарори билан юрт равнақи, жамиятимиз ривожи йўлида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ва ҳозир ҳам жамоатчилик ишларида, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни қадриятларимизга ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда намуна бўлаётган юртдошларимизнинг бир гуруҳига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Президентимиз ташаббуси билан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши ҳар бир меҳнат фахрийсига ўзини кўрсата олиши, бой ҳаётий ва касбий тажрибаси, билими, ақл-заковатини намоён эта олиши учун кенг имкониятлар тақдим этади.
Бу йилги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига тавсия этилган ҳар бир номзоднинг ижтимоий-сиёсий ва жамоатчилик фаолияти номзодларни ўрганиш комиссияси аъзолари томонидан холислик, шаффофлик ва адолат мезонлари асосида кўриб чиқилди. Жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб 1 минг 16 нафар нуроний ушбу мукофот соҳиби бўлди.
[gallery-30189]
Юртбошимизнинг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида бугунга келиб, ушбу мукофот соҳиби бўлган нуронийларимиз сафи 9 минг нафарга яқинлашди.
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва ундан сўнг қабул қилинган қарори билан кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими бугун юқори босқичга кўтарилди.
Шу муносабат билан нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишга оид тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Фахрийларнинг муаммолари манзилли ўрганилиб, уларни бартараф этиш, кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда кенг фойдаланиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашга эътибор янада кучайтирилмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройининг байрамона руҳда безатилган фойесида жорий йилда ушбу кўкрак нишонига сазовор бўлган фахрийларни ўзбек миллий чолғу асбоблари оркестри гуруҳи куй-наволар билан кутиб олишди. Меҳмонлар сарой фойесида ташкил этилган таниқли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси билан танишди.
Тантанали тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев, устоз журналист ва публицист, мазкур жамғарма раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш янгиланиш жараёнларида устувор аҳамиятга эга эканини эътироф этди.
Тантанали тақдирлаш маросимига йиғилганлар учун саҳна марказига ўрнатилган улкан мониторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг нуронийлар билан учрашуви чоғида олинган лавҳалар, фахрийларнинг ижтимоий фаолиятига оид турли видеороликлар намойиш қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолларидан бир гуруҳига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали топширилди.
Тақдирлаш маросимида мамлакатимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан куйланган қўшиқлар, созандалар томонидан ижро этилган дилбар наволар, гўзал рақслар тадбирга янада файз бағишлади.
Тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.
Н.Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА