Қарор ва ижро
Тошкент вилоятининг чекка ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва даромадларини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, мавжуд имконият, ресурслар, имтиёзлардан самарали фойдаланиш орқали юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга эътибор қаратилган.
Президентимизнинг 2025 йил 17 январдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда. Хусусан, вилоятда ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича режа белгиланган бўлиб, бу йил 20 минг 448 нафар ишсиз ва иш қидираётган фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш параметрлари белгиланган.
Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси касбга ўқитиш бўлими бошлиғи Фотимахон Аҳмадхонованинг айтишича, жорий йилнинг 7 ойлик якунига кўра, жами касбга тайёрлашга жалб қилинганлар 17 минг 978 нафарни ташкил этди. “Темир дафтар”дагиларнинг 12 нафари, “Ёшлар дафтари”да турувчиларнинг 78 нафари, “Аёллар дафтари”даги фуқароларнинг 1 минг 128 нафари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг 487 нафари, меҳнат муҳожирларининг 157 нафари, камбағал оиладагилардан 4 минг 269 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди.
Масалан, Бекобод шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда ҳудуд бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида 67 та корхона-ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари томонидан 420 дан ортиқ бўш иш ўринлари аҳолига таклиф қилинди.
Унда юз нафарга яқин иш топишда қийналаётган фуқаролар, назоратда турувчи шахслар, олий ва ўрта махсус таълим битирувчилари ўзига маъқул кўрган ташкилотларда ишлаш учун йўлланмалар олди. Ўз касбини ўзгартириш истагидаги фуқароларга ўзларини қизиқтирган касб-ҳунар йўналишларига тавсияномалар берилди.
Шунингдек, Бекобод шаҳар касбий кўникмалар марказида ҳам “Ўзметкомбинат” АЖ корхонасида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш бўйича “Дуал” таълим шаклида курслар ташкил қилинган. Ҳозир бу ерда электромонтёр, компьютер саводхонлиги, кўприкли кран машинисти, тикувчилик, аёллар сартароши, чилангар-сантехник каби жами 17 турдаги касбларда тингловчиларга белгиланган ўқув режа асосида назарий ва амалий машғулотлар ташкил қилинган. Бунда ўқув дастурида берилган 432 соат дарснинг 106 соати назарий билимлар бўлиб, 326 соатлик амалий билимлар эса корхоналарда ташкил этилган.
– Бекобод шаҳар Касбий кўникмалар марказларида хизмат кўрсатиш, техник соҳаларда янги ташаббуслар амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг учун 47 нафар малакали педагог-мутахассислар жалб қилинган. Хоналар Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Келгусида Германия ва Жанубий Корея давлатлари тажрибаларини оммалаштирган ҳолда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларда малакали мутахассисларни тайёрлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, имконияти чекланган, ёлғиз кексалар парвариши учун масъул мутахассисларни ҳам тайёрлаш кўзда тутилган. Ўз навбатида ҳудуд бўйича хорижий давлатларда ишлаш истагида бўлган фуқароларни касбга ва хорижий тилларга ўргатиш мақсадида тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда, – дейди марказ раҳбари Отабек Шокиров.
Ҳозирги ёз фасли мавсумида ўтказилаётган “Долзарб 90 кун” доирасида Бекобод шаҳар Касбий кўникмалар маркази ташаббус кўрсатиб, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича шаҳардаги бир қатор умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишлари асосида ташкил этилган тўгараклар ҳам фаолият юритмоқда.
А.Мусаев, ЎзА