Бухоро вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланишича, 2025 йилда бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан 29500 нафар ишсизларни ишга жойлаштириш белгиланган. Жорий йилнинг беш ойида 11505 нафар ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш белгиланган эди. Амалда 14523 нафар ёки беш ойлик прогнозга нисбатан 126,2 фоиз ишсиз фуқаролар доимий ишларга ишга жойлаштирилди. Шаҳар, туман ҳокимларининг қарорларига кўра 2025 йилда 3578 та иш ўрни ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли тоифалари учун квоталанган.
2025 йил давомида 212 маротаба меҳнат ярмаркаларини ўтказиш белгиланган. Шу кунгача жами 183 маротаба меҳнат ярмаркалари ўтказилган бўлиб, уларда 1115 та корхона ва ташкилотлар 4175 та вакант иш ўринлари билан қатнашди. Ярмаркаларда жами 3226 нафар фуқаролар иштирок этган. Тадбирлар орқали 2304 нафар ишсизлар ишга жойлаштирилган, 395 нафари касбий таълимга ўқишга йўлланма берилган.
Жорий йил бошидан 228 нафар фуқаролар ишсиз деб эътироф этилган, уларнинг 150 нафарига 590 миллион сўм миқдорида ишсизлик нафақаси тайинланган. 78 нафари касбий таълимга ўқишга юборилган.
Жорий йил якунига қадар тижорат банклари ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳаллада ўртача 40 тадан жами 21 760 та микролойиҳалар ишга туширилиб, 43 520 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
[gallery-24100]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 октябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан 2025 йилдан бошлаб етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг тегишли тармоқ ва соҳаларига ихтисослашган маҳаллалар сонини ҳар йили 10 фоизга ошириб бориш режалаштирилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.